Андижон 24

Брифинг: ДАСТЛАБКИ НАТИЖАЛАР ЭЪЛОН ҚИЛИНДИ


22.12.2019   868

Бугун 22 декабрь куни бутун Ўзбекистонимизда, шунингдек Андижон вилоятида “Янги Ўзбекистон - янги сайловлар” шиори остида сайлов жараёни соат 8:00 да давлатимиз мадҳияси янграган холатда бошланди.

Андижон вилоятида 14 та Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, 60 та вилоят Кенгаши, 451 та туман, шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказувчи округлар ҳамда 827 та сайлов участкалари ташкил қилинди.

Сайлов участкалари 671 та умумтаълим мактаблари, 63 та касб-ҳунар коллежлари, 39 та тиббиёт муассасалари биноларида, шунингдек, 42 та бошқа объектларда ҳамда 11 та ҳарбий қисм ва 1 та тергов хибсхонасида жойлашган.

Округ ва участка сайлов комиссияларининг самарали фаолият кўрсатишлари учун Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган низомлар асосида барча зарур шарт-шароитлар яратилди.

Сайловга тайёргарлик ва уни ўтказиш жараёнларини очиқ ва ошкоралигини таъминлаш мақсадида оммавий ахборот воситаларивакилларига барча зарур шароитлар яратиб берилди. Жумладан, вилоят сайлов комиссияси томонидан 95 нафар журналистлар аккредитациядан ўтказилди.

Сайлов қонунчилигини тарғиб қилиш ҳамда сайловолди ташвиқоти жараёнларини ёритиш бўйича 950 дан ортиқ кўрсатув ва радио эшиттиришлар эфирга узатилди ҳамда газета ва матбуот нашрларида мақолалар эълон қилинди.

Вилоят сайлов комиссиясининг сайловга тайёргарлик юзасидан амалга оширган ишлари ҳақида оммавий ахборот воситалари иштирокида 8 марта брифинглар ташкил этилди. Сайлов жараёнларини янада кенгроқ ёритиш мақсадида вилоят сайлов комиссиясининг фаолияти ҳамда вилоятимизда бугунги кунда бажарилаётган сайловга тайёргарлик ишлари вилоят сайлов комиссиясининг saylov.andijan.uz веб сайтига жойлаштирилиб борилмоқда.

Сайловга чақирув плакатлари, округ ва участка сайлов комиссиялари тўғрисидаги Низом, Сайлов кодекси, қонунлар тўплами китоблари, концелярия товарлари ва сайлов атрибутлари барча сайлов участкаларига белгиланган муддатларда етказиб берилди.

Сиёсий партиялар томонидан халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига 296 нафар, туман, шаҳар Кенгашлари депутатлигига эса 2217 нафар номзодлар рўйхатга олинди.

Жорий сайловларда Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати ва Сайлов жараёнларини бошқариш ахборот тизими илк маротаба бутун мамлакат миқёсида қўлланилмоқда.

Ҳозирги кунда вилоятда жами 21 мингдан зиёд ногиронлиги бор шахслар сайловчилар рўйхатига киритилган бўлиб, улардан 2095 нафари кўзи ожиз фуқаролардир. Ногиронлиги бор шахсларнинг сайловларда фаол иштирокини таъминлаш мақсадида сайлов комиссиялари томонидан зарур шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилди.

Барча сайлов участкаларининг биноларига ногиронлиги бор шахсларнинг қийинчиликсиз киришлари учун махсус йўлакчалар (пандус) ташкил этилган.Шунингдек, ҳар бир сайлов участкаси ногиронлар учун мўлжалланган овоз бериш кабиналари билан жиҳозланган.

Марказий сайлов комиссияси томонидан кўзи ожиз фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида барча сайлов участкаларига Брайл алифбосидаги трафаретлари тарқатилди.

Вилоятимизда ҳозирги кунда 56 нафардан зиёд 100 ёшдан ўтган табаррук инсонлар истиқомат қилади. Участка сайлов комиссиялари томонидан уларнинг сайлов ҳуқуқларини амалга оширишлари учун ҳамзарур чора-тадбирлар белгиланган.

Сайлов жараёнида биринчи маротаба қатнашаётган сайловчи ёшларимиз сони 47517 нафарни ташкил этади.

Cайлов куни ўз яшаш жойида бўлмайдиган фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида барча сайлов участкаларида уларнинг муддатидан олдин овоз беришлари учун имконият яратилди.

Жорий йилнинг 13, 15, 17, 21декабрь кунлари муқаддас Умра сафарига кетган 827 нафар юртдошларимизни муддатидан олдин овоз беришлари учун ҳам зарур шарт-шароитлар яратилди.

12-18 декабрь кунлари натижаларига кўра вилоят ҳудудидаги сайлов участкаларида 4336 нафар шахс муддатидан олдин овоз бериш имкониятидан фойдаланди.

Бугунги кунга қадар Марказий сайлов комиссиясидан аккредитациядан ўтган беш нафар Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг узоқ муддатли кузатувчилари ҳамда Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги Ижроия қўмитаси вакили, 37 нафар қисқа муддатли кузатувчилар ташриф буюрдилар. Халқаро кузатувчилар вилоятимиздаги сайловга тайёргарлик жараёнини сайлов округи ва участкаларига бориб, олиб борилаётган ишлар билан танишдилар.

Бугунги кунда Андижон вилоятида Сайловчиларнинг ягона электронрўйхатида эълон қилинган сони 1 миллион 700 минг 199 нафарни ташкил этди.

Бугун 2019 йил 22 декабр соат 11:00 га қадар Андижон вилояти бўйича 1 700 199 нафар сайловчиларнинг 609598 нафари овоз бердилар. Бу сайловчилар барча сонига нисбатан 35,9% ни ташкил қилади. Овоз бериш жараёни давом этмоқда.

Эътиборингиз учун рахмат!