Хорижда

БРАЗИЛИЯДА СУВ ТОШҚИНЛАРИ ОҚИБАТИДА 60 ДАН ОРТИҚ КИШИ ҲАЛОК БЎЛДИ


29.01.2020   83

Бразилия жануби-шарқида ўтган ҳафтада кучайган сув тошқинлари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 63 нафарга етди, деб хабар берди «ТАСС».

Энг кўп қурбонлар, яъни 52 киши Минас-Жерайс штатида қайд этилган. Ушбу штатнинг юздан ортиқ муниципалитетида фавқулодда ҳолат эълон қилинган.

Қарийб 29 минг киши кўчки хавфи туфайли уйларидан эвакуация қилинган. Тўрт мингдан ортиқ киши уйсиз қолди.

Ўтган ҳафтада ёмғирлар бошланган Эспириту-Санту штатида 9 киши ҳалок бўлган. Ушбу ҳудудда 13 минг киши уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлган. Улардан 1,5 минг киши янги уйга эҳтиёжи борлар рўйхатига тушган.

Штат губернатори Ренату Казаграндининг баҳолашига кўра, тошқинлар оқибатларини бартараф этиш учун 125 миллион доллар талаб қилинади.

Рио-де-Жанейро штати шимолида табиий офат туфайли яна икки киши вафот этган. У ерда ҳам аҳолини оммавий эвакуация қилиш ишлари олиб борилмоқда. Жабрланганлар сони 13 минг кишини ташкил этган.

Мамлакатнинг шимолий, марказий ва жануби-шарқий қисмларида ёзда кўп миқдордаги ёғингарчилик мавсумий бўлиб, ҳар йили турли даражадаги интенсивлик билан такрорланади. Бунга сабаб Амазониянинг экваториал ўрмонларидан жануби-шарқий йўналишда, Атлантика океанига қараб иссиқ нам ҳавонинг ҳаракатланиши ҳисобланади.

Аввалроқ ушбу сув тошқинлари оқибатида 57 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.

Манба: Daryo.uz