Андижон 24

Ботиржон Қодиров: “РАҒБАТ МЕНГА ШИЖОАТ БАҒИШЛАДИ, МАСЪУЛИЯТИМ ЯНАДА ОШДИ”


21.08.2022   2393

Андижонда тадбиркорлар куни муносабати билан соҳа вакилларини қутлаш, фаол, илғор ва ташаббускор тадбиркорларни тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов сўз олиб, барча тадбиркорларни байрам билан муборакбод этди. Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, ишбилармонлик муҳитини яратиш, тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш масалалари давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганлиги, хусусан, 20 август юртимизда Тадбиркорлар куни сифатида байрам қилиниши белгиланганлигини алоҳида таъкидлади.

Андижон вилоятида кичик ва хусусий бизнесни ривожлантириш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилаётганлиги натижасида ушбу соҳанинг вилоят иқтисодиёти ривожида, аҳоли бандлигини таъминлаш ва турмуш фаровонлигини юксалтиришдаги роли салмоқли ўрин тутиши алоҳида қайд этилди.

Тадбирда вилоят ҳокими тадбиркорлар куни муносабати билан Президентимиз фармойишига асосан, “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирланганларга, шунингдек, бир гуруҳ соҳанинг илғор вакилларига кўкрак нишони, вилоят ҳокимининг “Фахрий ёрлиқ” ҳамда эсдалик совғаларини топширди.

– Тадбиркорлик борасидаги фаолиятим, меҳнатларим эътироф этилиб, “Фаол тадбиркор” нишони билан тақдирланганлигимда беҳад хурсандман, – дейди Бўстон туманидаги “Сайёра фаввораси” масъулияти чекланган жамияти пахта тўқимачилик кластери таъсисчиси Ботиржон Қодиров. – Бу менга янада шижоат бағишлайди, шу билан бирга зиммамга катта масъулият юклайди. Тадбиркорлик борасидаги ишларим кўламини янада кенгайтиришга, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришга астойдил ҳаракат қиламан. Барча тадбиркорларни табриклайман. Уларни юртимиз равнақи йўлидаги ишларида омадлар тилайман.

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ.