Андижон 24

БОШҚАРМА БОШЛИҒИ ТИЗИМДАГИ ЁШЛАР БИЛАН МУЛОҚОТ ҚИЛДИ


04.02.2020   1040

Андижон вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Зуфар Юлдашев тизимда меҳнат қилаётган ёш ходимлар билан учрашди.

Тадбирда Президентимизнинг 2019 йил 27 декабрь куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги умумтаълим мактабида ёшлар билан ўтказган учрашувида белгилаб берилган вазифалар асосида ёшлар фикрлари тингланди, уларнинг ташаббус, таклиф ҳамда муаммолари ўрганилди.

Ёш ходимлар ўзларининг меҳнат фаолиятида учраётган муаммолар, келгусида иш самарадорлигини янада ошириш, ёшлар ўртасида маданият ва спортни оммалаштириш, ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш юзасидан фикр ва мулоҳазаларини баён қилдилар.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, бугунги кунда Андижон вилояти давлат солиқ хизмати идораларида жами 773 нафар ходим хизмат қилмоқда. Улардан 265 нафарини ёшлар ташкил этади.

-Бугунги учрашувда жамоамиз ёшлари орасида етакчи бўлиб сайландим, - дейди Марҳамат тумани давлат солиқ инспекцияси инспектори Зарина Маҳмудова. – Бу менга катта масъулият юклайди. Тенгдошларим билан бир куч бўлиб, давлатимиз раҳбарининг ишончини оқлаб, солиқ ислоҳотларини амалга оширишда астойдил меҳнат қиламиз.

Дўстона мулоқот тарзида ўтган учрашувда бошқарма бошлиғи йигит-қизларнинг билдирган 10 дан ортиқ таклиф-истакларини амалга ошириш бўйича зарур чоралар кўрилишини таъкидлади.

Андижон вилояти давлат солиқ бошқармаси

Матбуот хизмати.