Андижон 24

БОШ ВАЗИР ҚИШЛОҚ ВА МАҲАЛЛАЛАРНИНГ МАНТИҚСИЗ НОМЛАРИНИ ТАНҚИД ҚИЛДИ


10.03.2020   6042

9 март куни Вазирлар Маҳкамасида Бош вазир Абдулла Арипов раислигида кўча ва аҳоли пунктларини номлаш, пешлавҳалар, реклама ва эълонларнинг давлат тилида берилиши сингари масалалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

«Ҳурматли ҳокимлар, энди шу жойларда яшайдиган одамлар, масалан, ёшлар ўрнига ўзингизни қўйиб кўринг. Сиздан қишлоғингиз ёки кўчангиз ҳақида сўраб қолса, қандай жавоб берган бўлардингиз?

«Чўринди» маҳалласининг «Сирли табассум» кўчасиданман, «Чивинтепа» қишлоғининг «Алам» кўчасиданман дейсизми?

Тилимизда бир-биридан чиройли, маънолари кенг сўзлар кўпку?! Қолаверса, ҳар бир маҳалланинг тарихи, иқлимини акс эттирадиган ном қўйиш мумкин эди-ку?! Оғизга келган гапни вайсагандек, бўлар-бўлмас номлар қўйгандан кўра.

Наҳотки, ушбу маҳаллаларнинг шулардан бошқа мақтанадиган, кўз-кўз қилишга арзийдиган жиҳати бўлмаса. Борлиги шубҳасиз! Буни ўша жой аҳолисидан сўрасангиз қаторлаштириб айтиб беради», – дея таъкидлаган Бош вазир.

Ҳукумат раҳбари жойларни номлаш нозик масала экани, бунга жиддий эътибор қаратиш лозимлигини қайд этиб, ҳокимларни бу соҳада қонун ҳужжатларига қатъий риоя қилишга чақирган¸ дейилади «Kun.uz» хабарида.

«Гап маҳаллий ҳокимликлар, ҳудудий комиссияларнинг «етар, энди бу номни ўзгартирамиз» деб, амалий ҳаракатни бошлашида қолган.

Жойларни номлаш нозик масала. Бунга жиддий эътибор қаратишимиз лозим. Бу соҳада қонун ҳужжатларига қатъий риоя қилиниши лозим. Маҳаллийчилик, ошна-оғайнигарчилик, хизмат мартабасини суиистеъмол қилишга йўл қўймаслик шарт ва зарур.

Одамларнинг исмлари билан, шунингдек тарихий воқеалар шарафига номлаш ва қайта номлаш соҳасида белгиланган чекловларга риоя қилинишини таъминлашимиз лозим бўлади», – деган Абдулла Арипов.

Бош вазир ушбу селектор йиғилишида давомида кўча, корхона ва болаларга ўзбек халқи тарихи, маданияти ва маънавиятига зид номлар қўйилаётганини танқид қилган. Шунингдек, йиғилишда давомидан реклама ва эълонларнинг хориж тилларида тайёрланиши, ўзбек тилига нисбатан беписанд муносабатни қоралаган.