Андижон 24

БОШ ВАЗИР ҚАБУЛХОНАСИГА ЭГА ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ МАРКАЗИ ИЛК БОР АНДИЖОНДА ИШГА ТУШДИ (+ФОТОГАЛЕРЕЯ)


18.05.2019   16385

Андижон туманида замонавий қулайликларга эга Давлат хизматлари марказининг янги биноси фойдаланишга топширилди.

Бугунги кунда вилоятда 17 та шаҳар ва туман давлат хизматлари маркази фаолият кўрсатмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 15 февралдаги “Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини янада комплекс ривожлантириш чоралари ҳақида”га қарори ижросини таъминлаш мақсадида марказлар фаолияти тубдан такомиллашмоқда.

- Андижон тумани ДХМ ходимлари талабга жавоб бермайдиган бинода иш юритаётган эди, - дейди бошқарма бошлиғи Жамшид Раҳмонов. – фуқароларга қулайликларни яратиш мақсадида бир неча йилдан буён фойдаланилмай турган 2600 кв. метрни ташкил этган савдо маркази тадбиркордан сотиб олиниб, замон талабларига мос равишда қайта реконструкция қилинди ва энг сўнгги русумдаги технологиялар билан жиҳозланди. Бунинг учун Адлия вазирлигининг бюджетдан ташқари ҳамда маҳаллий бюджет маблағларидан 4,5 миллиард сўм сарфланди. Айни вақтда марказ томонидан 137 турдаги давлат хизматлари кўрсатилиши режалаштирилган. Марказда электрон навбат тизими жорий этилган, фуқароларга юздан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилади. Нотариал хизматлар, фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзиш, паспортни расмийлаштириш, ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш ва бошқалар шу ернинг ўзида амалга оширилади.

Аҳоли учун барча қулайликлар яратилган марказда - болалар майдончаси, кафе, 2 мингта хуқуқий-бадиий ва 15 мингдан зиёд электрон адабиётлар жойлаштирилган кутубхона, бепул Wi-Fi ташкил этилган. Кутиш заллари, кафе ҳам улар хизматида. Имкониятлари чекланган шахслар учун тегишли аравача ва пандус ўрнатилган.

Эътиборли жиҳати марказда энг сўнгги инновациялар ҳам йўлга қўйилган бўлиб, галаграмма ёрдамида марказ фаолияти ҳақида тўлик маълумот олиш мумкин. QR – кодли “Infoland” (инфоленд) кўрсатиладиган хизмат тури, унинг талаблари, пулли ёки аксинча бепул эканлигини кўрсатади.

Давлатимиз рахбарининг «Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги Фармонига асосан марказда Бош вазир қабулхонаси ҳам ташкил қилинган.

«auz.uz» online гуруҳи.