АТРОФГА НАЗАР

Бош прокуратура: ТАНҚИДИЙ МАТЕРИАЛЛАРНИ ЎРГАНИШ НАТИЖАСИДА 29 ЖИНОЯТ ИШИ ҚЎЗҒАТИЛДИ


27.07.2023   180

Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсуддиновнинг маълум қилишича, 2023 йил 6 ой давомида прокуратура органлари томонидан мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилган.

Қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикасига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жамоатчилик назорати механизмларини рўёбга чиқариш ва прокуратура органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш бўйича саломоқли ишлар қилинган.

Жумладан, прокурорлар томонидан халқ депутатлари Кенгашларига ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига жиноятчилик ҳолати ва қонунийлик аҳволи тўғрисида 309 ахборот берилди. Парламентга 9 маротаба ахборот тақдим этилди.

– Кўрилган чоралар, шу жумладан, давлат органларининг ҳуқуқий ҳужжатларини тизимли равишда ўрганиш натижасида 91 мингдан зиёд прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилди, – деди Ҳ.Шамсуддинов. – 26 мингга яқин қонунга зид ҳужжатга протест келтирилди, қонунбузилиши сабабларини бартараф этиш борасида тегишли идораларга 14 минг тақдимнома киритилди. 640 миллиард сўм зарарни ундириш ҳақида судларга 15 мингдан ортиқ ариза киритилди. 225 минг нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Прокуратура органлари томонидан жиноят ишлари бўйича дастлабки терговни амалга оширишда қонунийликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, прокуратура органлари томонидан 8 минг 351 жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари ўтказилган. Шундан 6 минг 20 нафар шахсга нисбатан 3 минг 713 жиноят иши судга юборилган.

34 минг жиноят, 6 минг фуқаролик ва иқтисодий ҳамда 5 минг маъмурий ишларнинг судларда кўрилишида прокурор иштироки таъминланди. Прокурорлар протести асосида жиноят ишлари бўйича судларнинг 1 минг 338 нафар шахсга нисбатан қарорлари, шунингдек, фуқаролик судларининг 127, иқтисодий судларнинг 79 ва маъмурий судларнинг 240 қарори қонунга мувофиқлаштирилди. Прокурорлар ташаббуси билан 12 нафар шахс оқланди.

Тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жараёнида 1 минг 984 нафар мансабдор шахс интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилди. 927 ноқонуний ҳужжатга протест келтирилди. 19 минг 316 нафар тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Прокурорлар томонидан 17 мингдан ортиқ тадбиркорга кредит ва лицензия ҳужжатларини расмийлаштиришда, ер майдони ва бино ажратилишида, мухандислик тармоқларига уланишида амалий ёрдам кўрсатилган.

Ҳамкорликда кўрилган чоралар натижасида 4 мингдан ортиқ янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилди, 3 мингдан зиёдининг фаолияти тикланди.

Вояга етмаганларнинг назоратсизлиги ва ҳуқуқбузарликларининг олдини олиш, уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш ва маънавий-ахлоқий тарбиясини кучайтириш мақсадида 11 мингдан зиёд прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилди. 24 мингга яқин вояга етмаган шахснинг бузилган ҳуқуқи тикланди. 9,5 мингга яқин шахс интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилди.

Жорий йилда қурилиш соҳасида назоратни амалга ошириш бўйича ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жамоатчилик назорати давомида аниқланган камчиликлар ва қонунбузилиши ҳолатлари ҳақида фото ва видео материаллар билан хабар юбориш имконини берувчи “Огоҳ фуқаро” мобиль иловаси ишга туширилди.

Барча қурилиш жараёнини рақамлаштириш мақсадида “Қурилишда давлат назорати” ахборот тизими фаолияти йўлга қўйилиб, у орқали Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат инспекциясининг назорат функциялари рақамлаштирилди.

Мурожаатларни муддатида, тўлиқ ва холисона кўриб чиқилишини ҳамда қонунбузилишига йўл қўйган айбдор шахсларнинг муқаррар жавобгарлигини таъминлашга қаратилган назорат тадбирлари тизимли равишда амалга оширилмоқда. Аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари бўйича ноқонуний ҳужжатларга 310 протест келтирилди. Қонунбузилишларини бартараф этиш ҳақида 103 тақдимнома, 11 миллиард сўм зарарни ундириш ҳақида судларга 299 ариза киритилди.

Натижада 405 нафар шахс интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилди. Қўпол қонунбузилиши ҳолатлари бўйича 207 жиноят иши қўзғатилди.

Бевосита прокуратура органлари томонидан 126 минг 891 мурожаат ҳал этилди. Фуқароларнинг қабулига, шу жумладан, уларни бевосита прокурорлар томонидан жойларда қабул қилинишига жиддий эътибор қаратилиб, 169 минг 47 нафар фуқаронинг арзи тингланди.

Аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш мақсадида прокуратура органлари томонидан 76 минг 360 тарғибот тадбири, шу жумладан, оммавий ахборот воситаларида 22 минг 525 чиқиш қилинди.

Прокуратура органлари томонидан ўтказилган мониторингда жами 678 танқидий мақола аниқланиб, улар юзасидан тегишли чоралар кўрилган. Шу билан бирга, ўтган даврда прокуратура органлари аралашуви талаб этиладиган танқидий материаллар сони 496 тани ташкил этган. Ушбу танқидий материаллар прокуратура органлари томонидан белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, барчасига расмий баёнотлар берилган.

Танқидий материаллар бўйича қўпол қонунбузилиш ҳолати бўйича 29 жиноят иши қўзғатилиб, 32 фуқаронинг ҳуқуқлари тикланди.

Н.АБДУРАИМОВА.

Манба: ЎзА