Андижон 24

Бош прокуратура оммавий ахборот воситаларига мурожаат қилди


03.03.2018   1383

Бош прокуратура собиқ бош прокурор Р.Қодиров, бош прокурорнинг собиқ ўринбосарлари ҳамда Тошкент вилоятининг собиқ прокурорлари Ж.Файзиев ва У.Суннатов билан боғлиқ айрим маълумотларни тақдим этди.

Интернет тармоғида Р.Қодировга нисбатан қўзғатилган жиноят иши ҳақида кўплаб тарқатилаётган ахборотлар фойдаланувчиларда тергов тафсилотлари борасида турли фикр ва мулоҳазаларни келтириб чиқараётгани боис Бош прокуратура оммавий ахборот воситаларига мурожаат қилди.

Унда Бош прокуратура Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талабларига мувофиқ тергов органи дастлабки терговни олиб бориш вақтида жиноят ишидаги барча маълумотларни ёки унинг муайян қисмидаги маълумотларни ошкор қилинмайдиган, деб эътироф этишга ҳақли эканлиги маълум қилинган.

Бу турдаги маълумотлар терговнинг сифатли, тўла ва холисона ўтказилишини таъминлаш, шунингдек, жиноят изларининг йўқ қилиниши, жиноий йўл билан топилган ашёлар, воситаларнинг яширилиши, тергов органларининг ҳақиқатни аниқлаш борасидаги фаолиятига тўсқинлик қилиниши ёки тергов жараёнини қийинлаштирувчи бошқа қонунга хилоф ҳаракатлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида ошкор қилинмайди.

Бу каби ахборотларни эълон қилиш тезкор тадбирлар ва дастлабки терговга зиён етказиши, айбдор шахсларни ўз вақтида фош этиш ва ушлашга тўсқинлик қилиши мумкин.

Шу тариқа, тергов сирини ошкор этмаган ва жиноят процесси иштирокчиларининг ҳуқуқларини бузмаган ҳолда, Бош прокуратура томонидан қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари ўтказилаётган жиноят иши доирасида Р.Қодиров Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодекси 221-моддаси тартибида ушланганлиги ҳақида хабар берилган эди.

Ҳозирги кунда жиноят иши бўйича бош прокурорнинг собиқ ўринбосарлари ҳамда Тошкент вилоятининг собиқ прокурорлари Ж.Файзиев ва У.Суннатов ушланган.

Мазкур жиноят иши бўйича тергов сирини ташкил қилмайдиган қўшимча ахборотлар вужудга келиши баробарида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг расмий сайтида тегишли маълумотлар чоп этиб борилиши маълум қилинади.

Бош прокуратура расмий веб-сайтига жойлаштирилган мазкур мурожаат “ОАВ вакиллари бунга тушуниш билан ёндашишлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талабларига ҳурмат билан муносабатда бўлишлари лозим, деб ҳисоблаймиз”, деб якунланган.

Бундан ташқари, мазкур веб-сайтда Интернет тармоғида Ўзбекистон Республикаси собиқ бош прокурори Р.Қодировга нисбатан Бош прокуратура томонидан қўзғатилган жиноят иши бўйича Тошкент шаҳар прокурорининг собиқ биринчи ўринбосари М.Мирзаев ва унинг оила аъзолари ушлангани тўғрисида хабарга раддия берилди. Бош прокуратура ушбу маълумот ҳақиқатга мувофиқ эмаслигини маълум қилди.

ЎзА сайтидан олинди.