Андижон 24

БОРЛИҚДА БАҲОР, КЎНГИЛДА БАҲОР


28.02.2020   4614

Соғинганимиз баҳор борлиқни безаяпти. Дарахтлар новдаларидаги куртаклар кўз очяпти. Деҳқонлар даласига, боғбонлар мевазорга шошяптилар.

Вилоятимизнинг 76 минг 200 гектаридаги кузги буғдой майсалари кўм-кўк бўлиб бўй чўзмоқда. Озиқлантирилган, сув таралган экинзор янада яшнаётир.

- Баҳор баракали келяпти, - дейди тажрибали деҳқон Абдулазиз Умаров. - Буғдой ҳосили мўл бўлади. Кластерлар ғаллакорларга мадад бермоқда.

Пахтакорлар ҳам кўкламга пешвоз. Андижонимизнинг 79 минг 391 гектар ерига чигит экилади. Вилоятдаги 12 та кластер корхонаси деҳқону фермерлар билан ёнман-ён, аниқ мақсад билан ишлайди.

Кластер усули кенг қулоч ёймоқда. Пахтачиликқаторида 19 та мева-сабзавотчилик кластери фаолияти ҳам йўлга қўйилди. Энди боғбонлару сабзавоткорларнинг ҳамкори, кўмакчиси аниқ бўлди.

Кўклам кўчатлар экилиши билан кўркам. Мевали-манзарали дарахт кўчатлари танламоқчи бўлган бозор оралайди. Терак, павлония, қарағай, арча сархил мева кўчатларини топади.

Икки бойлам олма, ўрик ниҳоллари ҳарид қилган қадрдоним Аҳмадали Усмонов билан кўчат бозорида кўришдим.

- Қаранг, бир кило ўрик қоқининг пулига беш туп субхони кўчатини олдим, - дейди у қулфи дили очилиб. - Бу йил олмани кўпайтириш ҳаракатидаман. Ҳаммамиз эксак, мевалар сероб бўлади.

Аҳмадали ака билан суҳбатимиз қизиганда маҳалладошим Юнустой Ураимовни учратдим.

- Машҳур боғбон Ризамат ота номи билан аталган узум кўчатларини ўстириш ҳаракатидаман, - деди у. - Ўн тупидан бир боғ бўлади. Мен ҳам улардан ибрат олиб, бозордан беҳи, олма, ниҳоллари билан қайтдим.

Президентимизнинг видеосеклектор йиғилишида томорқада 20 туп лимон ҳосилга кирса, бир оилани боқади, деган ҳаётий сўзларини эшитган юртдошларимиз лимон кўчатлари ўтқазишяпти.

Ҳамма ҳаракатда. Пахтакорлару, ғаллакорлар, боғбонлару, сабзавоткорлар, томорқа соҳиблари енг шимаришган. Баҳор тароватига монанд эзгу ниятлар рўёбга чиқяпти. Иш жадал бормоқда.

Аҳмадилло СОЛИЕВ.