Андижон 24

БОРЛИГИНГ УЧУН ТАШАККУР, ОТАХОНИМ - «АНДИЖОННОМА»М!


30.05.2022   897

Daryo.uz сайтида янги рукн орқали юртимизнинг бундан 30, 60, 90 йил олдинги матбуотига назар ташланиб, ўша йилларда вақтли матбуотда чоп этилган мақолалар хусусида материаллар бериб борилаётгани эътиборимни тортди. Албатта, ҳозирги ўқувчига ўтмиш давр нафаси уфуриб турган мақолаларнинг савияси, мавзуси, тилга олинган воқеликлар қизиқ туюлиши табиий бўлса керак. Ушбу янги рукнни кузатиб борар эканман, умримнинг бир бўлагига айланган “Андижоннома” газетасининг солномасидан жой олган айрим мақолаларда тилга олинган воқеликларни беихтиёр кўз олдимга келтирдим.

Андижон юртининг бош нашри - “Андижоннома” ҳам мамлакатда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг ҳудуддаги ижроси, турли соҳалардаги туб ўзгаришлар баробарида тараққиётга тушов бўлаётган муаммолар хусусидаги холис, ўзига хос материаллари билан яқин ўтмиш воқеликларини саҳифаларига муҳрлаб келаётганлигига гувоҳ бўлиш мумкин.Газета тахламларини варақлаганингиз сайин кеча кун манзаралари бўй кўрсата бошлайди...

Бундан 30 йил аввал, мустақиллигимизнинг илк йиллари. Ҳаётимизда ажиб ўзгаришлар бошланган палла. 1992 йилнинг 30 май сонидаги “Саховат – олижаноблик”, “Аввало тартиб бўлсин”, “Вақтни бекатда ўтказишди”, “Гўштнинг нархи қанча?”, “Бозор ва болалар”, “Меҳрингиз ўрнини босгувчи йўқ” каби турфа мавзудаги мақолалар газетхонлар эътиборига ҳавола этилган.

Меҳрибонлик уйи болалари ҳақидаги “Меҳрингизни босгувчи куч йўқ” сарлавҳали мақола билан танишсангиз, беихтиёр мунғайган болажонлар кўз ўнгингизда гавдаланади. Умида Бону қаламига мансуб мақола 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишланган бўлиб, унда шундай жумлалар бор:

“...Бу ерда тарбияланаётган болаларнингсизга жовдираб қарашлари, сал дағалроқ гапирсангиз ҳам, сочларини силаб, эркалатсангиз ҳам йиғлаб юборишларини кўрсангиз эди. Ҳа, бу масъум гўдакларнинг қўлидан ҳозирча йиғлашдан бошқа ҳеч нарса келмайди. Уларнинг нафрати ҳам, илтижоси ҳам, миннатдорлиги ҳам йиғи...

Газетамизнинг 2002 йил май-июнь ойларидаги сонларида ҳам кўплаб қизиқарли мақолалар берилган. Мавзулар ранг-баранглигикишини ҳайрон қолдиради.

2002 йил 29 май кунги сонида “Омаднинг калити изланишда”, “Автотранспортчилар мавсумга тайёр”, “Дори-дармонлар таъминотини яхшилайлик”, “Кунчиқар мамлакат делегацияси Андижонда” сарлавҳали материаллар илк саҳифани безаб турибди. Бундан ташқари, “Ўлкамизнинг дуру гавҳари” рукни асосида Мустақиллигимизнинг 11 йиллиги олдидан берилган Хонободнинг сўлим гўшаларидан олинган хабарлар, мақолалар ҳам ўқувчини бефарқ қолдирмайди. “Баралла жаранглайвер, бахт қўнғироғи!” номли сўнгги қўнғироққа бағишланган мақола ўқувчи эътиборини тортиши шубҳасиз.

31 май – халқаро кашандаликка қарши кураш кунига бағишланган “Чекиш кони офат”, “Чекмасдан ёшлик гаштини сур!” мақолалари, “Сиз қандай фикрдасиз?” номли таҳлилий сўровнома қизиқарли фикр ва маълумотларга бойлиги билан ўзига жалб этади.

Қишлоқ хўжалигига оид репортажлар тилининг соддалиги, тушунарли ҳамда оммабоплиги билан диққатга сазовор. “Суюнчи беринг, ғўзамиз гуллади!”, “Бошоқ бўла, хирмон тўла” каби мақолаларда устоз журналист Қобилжон Асқаров Андижон деҳқонларининг заҳматли меҳнатини шарафлаган. “Табиатни асраш – муштарак ишимиз” рукни асосида материаллар жамламаси ҳам услуб жиҳатдан ҳам, мазмун жиҳатдан ҳам турфа хил.

Бугун ўзининг бир юз бир ёшини камтарона қарши олаётган суюкли газетамиз саҳифаларни варақлар эканман, ҳозирги давр нашри муаммолари ҳақида айтгим келди. Ҳозирда интернет нашрларидан бундай материалларни топиш амримаҳол, борлари ҳам ... Ҳатто шу машҳур сайтнинг ўзи ҳам бир неча йиллик архивларни қидириб топиб юртимиз кечмишини матбуот нигоҳи билан ёритиб келмоқда. Маънавият-маърифатни пулга чақадиган баъзи кимсалар айтаётганидек, “босма нашрларнинг куни тамом” бўлгани йўқ. Улар ўлмайди, йўқолмайди, топталмайди. Ҳамиша, ҳар қандай даврда уни изловчи, ўқувчиси, мухлиси топилади.Худди ҳозирдагидек.

Борлигинг учун ташаккур, 101 ёшли отахон нашрим – менинг “Андижоннома”м! Таваллуд айёминг муборак бўлсин! Хокисор қалам аҳли, саноқли ва садоқатли ўқувчиларинг бахтига ҳамиша бор бўл!

Моҳигул СИДДИҚОВА,

“Андижоннома” махсус мухбири