ЖАМИЯТ

БОЛАНИ ЭМЛАШДА НИМАЛАРГА АҲАМИЯТ БЕРИШ КЕРАК?


19.09.2019   2494

Маълумотларга кўра, ҳеч бир бола шу кунгача эмлашдан зарар кўрмаган. Аксинча, ота-оналарнинг болани эмлатишда зарурий қоидаларни билмаслиги ёки билса-да амал қилмаслиги, айрим ҳолларда эмланишдан аввал болани кўздан кечирган шифокорнинг уқувсизлиги турли муаммоларга сабаб бўлиши мумкин. Демак, боласида кўзда тутилмаган муаммолар пайдо бўлган ота-оналар вакцинани айблашдан аввал нимада хато қилганликларини тушунишлари керак бўлади.

Эмлашгача нима қилиш керак?

* Эмланаётган бола соғлом бўлиши шарт. Эмлашга олиб бориладиган боланинг ҳарорати, кайфияти, уйқуси, иштаҳаси меъёрида бўлиши, турли шикоятлар бўлмаслиги лозим. Тана ҳароратининг баланд бўлиши бола организмида инфекция мавжудлигидан дарак, унинг иммунитети зўриқиш ҳолатида бўлиши мумкин. Бундай вазиятда боланинг эмланиши иммунитетнинг янада зўриқиши ва қўшимча касалликларга сабаб бўлиши мумкин.

* Боланинг қорни жуда оч ҳам, жуда тўқ ҳам бўлмаслиги керак. Тиниқиб ухлаган, хотиржам бўлиши зарур. Бола боғчага борадиган бўлса, эмлашгача бир неча кун бормай тургани маъқул. Айниқса турли касалликлар мавсумида бунга алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Бола эмлангунга қадар, эмланаётганда ва эмлашдан кейин турли одамлар билан мулоқотда бўлмаслиги керак.

Эмлашдан аввал икки-уч кун ва эмлашдан кейин икки-уч кунгача болани одам кўп йиғиладиган жойларга, меҳмонга, турли тадбирларга олиб бормаган маъқул. Бола турли инфекцияларни юқтириб олиши мумкин. Умуман, боланинг касал бўлиш эҳтимоли юқори бўлиб турганда, дейлик, оилада кимдир юқумли касалликка чалинганда эмлатишни кечиктириб туриш керак. Эмлатиш учун клиникага олиб борилганда ҳам навбат кутиб, йўлакда туриш керак эмас. Касаллик юқтириб олиш мумкин.

Бола эмланаётганда аллергия қўзғалмаган бўлиши лозим. Болада аллергия тез-тез қўзғаб турса, охирги қўзғалган вақтдан 3 ҳафта ўтказиб эмлатган маъқул.

Агар болага D витамини бераётган бўлсангиз, уни ҳам икки-уч кун тўхтатиб туриш керак. D витамини организмда кальций сўрилишида муҳим роль ўйнайди. D витаминининг меъёрдан ошириб юборилиши аллергия қўзғалиш эҳтимолини ошириши мумкин.

Бола ошқозонига юк қанча оз бўлса, эмлаш шунча осон ўтади. Болага сунъий сут ёки бўтқа берилаётган бўлса, эмланадиган кун ва кейинги кун миқдорини камайтириб туриш тавсия қилинади. Яъни боланинг қорни очмагунча овқат бермаган маъқул. Эмизиладиган болаларда ошқозонга ортиқча юк маммоси бўлмайди, аксинча, она сути боланинг эмлашдан кейинги реакциядан осон ўтишига ёрдам беради.

Бир кун давомида боланинг ичи келмаётган бўлса, эмлашни кейинга қолдириш керак. Боланинг ичи яхши келмаслиги, ич қотиши эмлашнинг оғир ўтишига сабаб бўлади.

Болани турли дори-дармонлар билан эмлашга тайёрлаб бўлмайди. Айрим ота-оналар бола эмлашдан осон ўтиши учун турли антигистаминлар, тинчлантирувчи дорилар беришади. Шифокорнинг кўрсатмасисиз болага дори бериш мумкин эмас.

Кучли иссиқ, совуқ ёки эпидемия шароитида эмлашни қолдириш керак. Ҳаво ҳароратидаги бола кўникмаган ўзгаришлар – ёзнинг жазирамаси, қишнинг қаҳратонида эмлатишни қолдириб турган маъқул.

Эмлаш вақтида нима қилиш керак?

Эмлангунга қадар шифокорнинг саволларига тўғри, аниқ жавоб беринг. Болани эмлатишга олиб боришдан аввал унинг соғлиғини синчков кузатинг. Ҳар қандай эмлашдан аввал бола шифокор кўригидан ўтказилади. Шифокор болага сизнинг берадиган жавобларингизсиз тўлиқ баҳо беролмаслиги мумкин.

Эмлангач бола организмида бўладиган ўзгаришлар ҳақида шифокордан батафсил билиб олинг. Бола эмлангандан кейин унинг иммун тизимида ўзгаришлар бўла бошлайди. Боланинг кайфияти, танасида ўзгаришлар бўлиши мумкин. Кутиладиган ўзгаришларни аввалдан билиб олиш турли хавотирларнинг олдини олади.

Бола эмлангач, клиникадан уйга кетишга шошилманг. Клиникадан ташқари чиқиб, ярим соатча ўша ерда айланиб туринг. Болада кутилмаган бирор ножўя ўзгариш кузатилса, шифокорга мурожаат қилишингиз осон бўлади.

Эмланган болани маълум муддат кузатинг. Оғир касалликлардан ҳимоя қилувчи вакциналар болага ноқулайликлар туғдириши мумкин.

Бола безовта бўлиб қолди. Нима қилиш керак?

Вакцина олган бола юқори ҳарорат ва оғриқ сабабли вақтинча қийналиши мумкин.

Бундай вазиятларда шифокор билан маслаҳатлашиб, ҳарорат туширувчи, оғриқ қолдирувчи дорилардан фойдаланиш мумкин.

Болага аспирин бермаслик керак.

Агар болада безовталик бир суткадан ортиқ давом этса, шифокорга мурожаат қилиш керак.

Эмлашдан сўнг боланинг оёқ ёки қўлида шиш пайдо бўлса, қизарса, нима қилиш керак?

Зарур бўлганда боланинг шишган жойига тоза, ҳўл мато қўйилади. Бунда ҳам бир сутка қаралади.

Агар аҳвол яхшиланмаса, шифокорга мурожаат қилинади.

Боланинг ҳарорати ошса нима қилиш лозим?

Тана ҳароратини тушириш учун:

болага кўпроқ суюқлик беринг;

болани ўраб-чирмаб ташламанг;

бола баданини губкада илиқ сув билан артинг;

ҳарорат туширувчи ва оғриқ қолдирувчи дорини боланинг вазнига мос миқдорда беринг. Аспирин берманг;

болада уч кунгача оғриқ ва ҳарорат сабабли безовталик бўлиши мумкин.

Болада ич кетиши кузатилса, нима қилиш керак?

Боланинг ошқозон-ичаклари нозик, ўзгарувчан бўлади. Вакцина овқат ҳазм қилишда вақтинча ноқулайликлар келтириб чиқариши мумкин. Бунинг икки сабаби бор:

вакцина таркибидаги зарарсизлантирилган микроблар ошқозон ишига таъсир қилади. Эмлашдан аввал болада ич қотиши, қорин дам бўлиши, ҳазм муаммолари бўлса, вакцина ич кетишига сабаб бўлиши мумкин;

эмлаш вақтида бола меъёрдан ортиқ тўйдирилган бўлса.

Агар ич кетиши турли биодорилар (линекс, бифеформ, энтерол ва ҳ.) берилгач камайса, хавотирга ўрин йўқ. Агар боланинг ахлати яшил, қон аралаш келса, ич кетиши бир суткадан ортиқ давом этса, шифокорга мурожаат қилиш лозим.

Бола қайт қилса, нима қилиш керак?

Эмланган боланинг бир сутка ичида бир марта қайт қилиши нормал ҳолат ҳисобланади. Агар бир неча кун ўтиб ҳам бола қайт қилса, бу мутлақо бошқа касалликнинг оқибати бўлиши мумкин.

Бола бетобдек кўринаяпти, шифокор чақириш керакми?

Бола бетоб кўринганда шифокорга мурожаат қилган маъқул. Аммо алоҳида ҳолатларда бунга айниқса эътиборли бўлиш керак. Масалан, бола бир суткадан ортиқ безовта бўлаверса, укол қилинган жойдаги қизариш кўпайиб борса, узоқ вақт давомида ҳарорати тушмаса, боланинг ахлати яшил рангда ёки қон аралаш келса, ич кетиши бир суткадан ортиқ вақт тўхтамаса.

Унутманг!!! Фарзандингизни турли хасталиклардан ҳимоя қилиш ўзингиз қўлингизда.

У. Алижонов тайёрлади.