ЖАМИЯТ

БОЛАЛАРНИНГ СЕВИМЛИ МАСКАНИ


28.11.2018   2272

Сўнгги йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, таълим-тарбия жараёнига замонавий таълим дастурлари ва технологияларини татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йилнинг 29 декабридаги 2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори таълимнинг кейинги босқичига тайёрлаш ва қамраб олиш даражасини тубдан яхшилашга хизмат қилмоқда.

Жалақудуқ туманидаги 8-мактабгача таълим муассасаси 220 нафар ўғил-қизни бағрига олган замонавий масканлардан ҳисобланади.

2016 йилда капитал таъмирдан чиқарилган муассасада “Болажон”, “Билимдон” таянч дастурлари асосида тарбияланувчилар мактаб таълимига сифатли тайёрлаб борилмоқда. Қиқр нафардан зиёд жамоа томонидан мазкур жараёнда болаларни интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожлантириш учун зарур шароитлар яратиш, кадрлар салоҳиятини ошириш, таълим-тарбия ишларига замонавий таълим дастурлари ва технологияларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Замонавий педагогик услублар, интерактив ўйинлар асосида инглиз ва рус тиллари, мусиқа, бадиий гимнастика, рақс, шаҳмат-шашка, муай-тай тўгарак машғулотлари йўлга қўйилган. Машғулотлар болаларнинг ёшига мос мавзу ва усуллар асосида нутқ маданиятини, эркин фикрлаш қобилиятини ўстириш, жисмонан чиниқтириш тарзида олиб борилмоқда. “Зумрадойлар давраси” клубида эса қизлар миллий одоб-ахлоқ мезонлари, меҳмон кутиш, тозаликка риоя этиш борасидаги тушунчаларини бойитмоқда.

- Жорий ўқув йилидан муассасамизда махсус ойликлар ўтказишни йўлга қўйдик, - дейди муассаса мудираси Озодахон Алиева. – Сентябрь ойида “Бу менинг Ватаним”, октябрь ойида эса “Она тилим- жону дилим” ойликлари ташкил этилди. Бунда болаларга она-Ватан, она тил тушунчаси ҳақида маълумотлар берилиб, шеър ва мақоллар ёдлатилмоқда. Ойликлар сўнггида ўтказилаётган турли мавзулардаги тадбир ва кўрик-танловлар тарбияланувчиларнинг қизиқишини янада орттирмоқда. Бунда туман болалар-ўсмирлар спорт мактаби, умумтаълим мактаблари, марказий кўп тармоқли поликлиника, маҳаллалар, Андижон шаҳридаги “Тараққиёт” нодавлат таълим муассасаси ва ота-оналар билан доимий ҳамкорликнингйўлга қўйилганлиги ижобий самара бермоқда.

Таълим муассасасида соғлом овқат­ланиш шарт-шароитларини яхшилаш мақса­дида, тиббий меъёр талабларига жавоб берадиган 5-10 кунлик тахминий таом­номалар тузилиб, болалар орга­низ­ми физиологик эҳтиёжларини қон­ди­рувчи, озуқа моддаларига бой маҳ­су­лотлар кунлик рационга киритиб бо­ри­лади. Бунга асосан, гўшт, сут маҳсу­лот­лари, дуккакли экинлар ҳамда дар­мон­дориларга бой бўлган сабзавот, полиз экинлари, сархил мевалар бе­рилади.

Умиджон МАМАРАСУЛОВ.