Андижон 24

БОЛАЛАРНИ ВА УЛАРНИНГ ОРЗУЛАРИНИ АСРАЙЛИК!


02.03.2018   1290

1 МАРТ – ЎЗБЕКИСТОНДА БМТНИНГ БОЛАЛАР ЖАМҒАРМАСИ – ЮНИСЕФ ВАКОЛАТХОНАСИ ОЧИЛГАН КУН

Хайрли ишларни амалга ошириб келаётган халқаро ташкилотлардан бири ЮНИСЕФдир.

ЮНИСЕФ – 1946 йил 11 декабрда БМТ Бош ассамблеяси қарорига мувофиқ урушдан жабр кўрган болаларга ёрдам бериш мақсадида ташкил этилган. У ҳукуматлар, турли ташкилотлар, бизнесменлар ҳамда жисмоний шахсларнинг ихтиёрий бадаллари эвазига молиялаштирилади.

ЮНИСЕФ ташаббуси билан 1989 йил 20 ноябрда БМТ Бош ассамблеясининг қарорига кўра дунё тарихидаги энг муҳим ҳужжатлардан бири — Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қабул қилинди. Ҳужжат 1990 йил 2 сентябрда кучга кирди. Ўзбекистон халқаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатида мазкур конвенцияга 1992 йил 9 декабрда қўшилган.

Бугунги кунда 190 дан ортиқ мамлакатда фаолият кўрсатаётган ЮНИСЕФ Ўзбекистонда оналик ва болаликни муҳофаза қилишнинг халқаро стандартларини тадбиқ этиш, хусусан, озуқаларни фойдали моддалар билан бойитиш ва гўдакларни фақат она сути билан боқиш, шунингдек, ОИВ инфекциясининг олдини олиш, касалланганларни парвариш қилиш ва қўллаб-қувватлаш каби ишлар билан шуғулланмоқда.

Ўзбекистон билан ЮНИСЕФ ўртасида ижтимоий муҳофаза соҳасидаги ҳамкорлик натижасида 2008 йил 8 январда “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни кучга кирди. Бола ҳуқуқлари ҳимоясини изчил давом эттиришга мақсадида ҳамкорлик дастурлари ишлаб чиқилиб, мунтазам амалга ошиирилмоқда.

“Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунда ЮНИСЕФ конвенцияси, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларида назарда тутилган бола ҳуқуқларига оид барча кафолатларни жамланган.

ЮНИСЕФ Ўзбекистондаги фаолияти давомида бутун мамлакат бўйлаб болалар учун энг мақбул яшаш шароитларини яратиш, жумладан, йодланган туз ва витаминлар билан бойитилган озиқ-овқат билан таъминлаш, юқори сифатли таълим олиш, соғлиқни сақлаш хизматларидан баҳраманд бўлиш имкониятларини кенгайтириш, ижтимоий муҳофазани янада кучайтириш ҳамда ёш авлод ўз оиласида улғайиши ва камол топишига кўмаклашиш каби хайрли ишлар билан шуғулланиб келмоқда.

Болани эътибор унинг келажагига эътибордир. Мамлакат истиқболи учун қайғуриш болага ғамхўрликдан бошланади. Мурғак фарзанднинг беғубор орзу-интилишларини қўллаб-қувватлаш, унинг ҳар томонлама комил инсон бўлиб вояга етишига кўмаклашиш ҳар қандай жамиятда асосий вазифалардан бири бўлиб қолаверади.

Муҳайё Тошқораева,

ЎзА сайтидан олинди.