Андижон 24

БОЛА РУС ТИЛИДА ТАЪЛИМ ОЛИШИ ШАРТМИ?


25.11.2018   2475

Андижон шаҳрининг ўзида 52 та мактабнинг 22 тасига 23 минг 280 нафар ўқувчи Қамраб олинган. Аксарият синфларда 30 дан ортиҚ, айрим ҳолларда 40, 50 га яҚин ўқувчи бор. Уларнинг 10-15 нафаригина рус тилида сўзлаш ва ўзлаштириш қобилиятига эга. Баъзи мактабларда хоналар етишмаслиги боис, тўгарак ва қўшимча дарслар учуншароитлар мавжуд эмас.

Айрим ота-оналар фарзандларининг рус синфида ўқишларини исташади. Тил ўргатиш, жамият равнақи учунфойдаси тегадиган етук мутахассис қилиб, тарбиялаш яхши.Лекин бугунги шароитда ўзга тилдаги ўқув дастурини ўзлаштиришда қатор муаммолар тўпланиб қолган. Бу, аввало, боланинг лаёқати, қизиқиши, ота-оналарининг эътиборсизликлари, шунингдек, мутахассисларнинг етишмаслиги ва бошқалар билан боғлиқ.

– 2018-2019 ўқув йилида 2 та рус синфи очдик, – дейди Андижон шаҳридаги 5-мактаб директори Саидахон Хўжаева. – Аммо иқтидори ва лаёқатига қараб, деёлмайман. Айрим болалар билан суҳбатлашиш жараёнида уларнинг рус тилига умуман қизиқиши йўқлигига гувоҳ бўлдим.

– Қабул пайтида адолатли бўлмоғимиз даркор. Суҳбатўтказиш жараёнида қобилиятлилар сараланиб қолади. Ўзи истамаган болани мажбурлаб рус синфда ўқитиш унинг келажагини йўқ қилишдир, – дейди шу мактабнинг рус тили ўқитувчиси Мамирахон Азимова. – Боланинг қийналаётгани ҳар икки томонга ҳам аён, аммо тан олинмайди. Бу йилги 8-синфимда 29 нафар ўқувчининг ҳаммаси рус тилида бемалол гаплаша олади. Ота-оналар билан мунтазам ҳамкорлик орқали эришдим бу натижага.

Барибир, таниш-билишчилик ва "юқоридан" қўнғироқ орқали лаёқатсиз, рус тилини ўрганишни истамаган бола мактабнинг рус синфига қабул қилинади. Бошқа тилни ўрганиши учун оилада муҳит бўлиши керак.

Андижон шаҳридаги 4-умумтаълим мактабида 41 та бошланғич синфнинг 24 таси, 51 та юқори синфнинг 30 тасида рус тилида таълим берилади. Ҳатто Пахтаобод, Избоскан, Андижон, Олтинкўл туманларидан қатнаб ўқийдиганлар бор. Директорнинг ўқув-тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари Барнохон Тўхтасиновани суҳбатга тортдик.

– Жорий йилда 5 та рус синфи очилди. Ҳар бирида 35, айримларида ундан ортиқ ўқувчи бор.Қабул жараёнида тил биладиган, қобилиятли ва ўзлаштирадиганлари 70-75 фоизни ташкил қилди. Бу, 3 та синф, дегани. Аммо қолган 2 та синф ўқувчиларида қизиқиш йўқ, ота-она истаги, таниш-билишчилик, "менинг болам рус синфида ўқийди", дея қатъий туриб олган инсонларнинг фарзандларидир.

Ахир, уйда мулоқот бўлмаса ёки шуғулланиш учун шароит яратилмаса, қулоғига рус тилида бирор сўз кирмаса, дарслар самара бермаслигини барча мутахассислар яхши билишади.

– Ўзимиз Избоскан туманида яшаймиз. Ўғлим шаҳар мактабига қатнаб ўқир эди, – дейди суҳбатдошим Замира опа. – Бошланғичдан-ку эплаб юқорига ўтиб олдик. Аммо 7-синфни тугатаётган бўлса-да, ўзлаштириши паст, русча гапиришни билмайди, ерга қараб тураверади. Боласининг қийналаётганини дадаси ҳам биларди, лекин дўстларига ўғлим рус мактабда ўқийди, дея мақтаниб қўйганини рўкач қилишдан нарига ўтмасди. Ўқитувчиси билан маслаҳатлашиб, отасининг қаршилигига қарамай, фарзандимни ўзбек синфига ўтказдик. Ҳозирда 9-синфда ўқийди, аълочи. Фан олимпиадаларида қатнашиб, фахрли ўринни эгаллади. Унинг иқтидори ўзбек мактабида ёрқин намоён бўлди. Энди келажагига ишонсам ҳам бўлади. Баъзида ўғлимнинг қалбига қулоқ тутмаганимиздан, умрини беҳуда ўтгани, беҳуда маблағ сарфлаганимиздан қийналаман.

Узоқроқ қариндошимни қачон кўриб қолсам, рус синфида ўқийдиган қизининг ўқитувчиларидан ёзғиради.

– Қизим 8-синфда ўқиса-да, фанлардан баҳолари паст, рус тилида-ку умуман гапира олмайди. Устозлари ойлигини олишганидан кейин, ҳукуматимиз улар учун барча шароитларни яратиб қўйган бўлса, нега яхши ўқитишмайди?

Атайин вақт топиб, унинг фарзанди ўқийдиган мактабга кирдим, дарсларида қатнашдим. Афсуски, у ҳақ экан. Ўқитувчилари ҳам буни тан олишди.

– Унинг иқтидори ўзбекчагамойил, – дейишди улар. – Дарсларга хушламай қатнашади, рус тили умуман қизиқтирмайди. Отаси кун бўйи ишда, онаси уйда ўтирса-да, боласининг ўқишига вақт ажратмайди, суҳбатлашмайди. Ўзбек синфига ўтказиш бўйича неча бор ота-онасини мактабга чақиртирдик, келишмади.

Деярли барча мактабларда кимё, биология, тарих, география, физика, математика, информатика ва бош-қа фанлар бўйича мутахассисларнинг етишмаслиги дарсларнинг ўзбек тилида ўтилишига ёки қолдирилишига сабаб бўлмоқда. Жавобни Андижон давлат университетидан изладик.

Жорий ўқув йилида университетда 10 та таълим йўналиши бўйича рус гуруҳи очилган. Ваҳоланки, умумтаълим мактабларида 17 та фан ўқитилади.

– Асосий фанлар йўналишида 25, айримларида 50 нафар талаба таҳсил олади, – дейди дорилфунуннинг ўқув-услубий бошқармаси бошлиғи Рустамжон Муллажонов. – Бу эса барча мактабларни мутахассис кадрлар билан таъминлай олмаслиги кундай равшан. Битирувчиларнинг айримларигина педагоглик фаолиятига киришади.

Яна бир муаммо шундаки, рус тили йўналишидаги факультетларда кириш бали пастлиги боис, қабул жараёнида мазкур тилни билиш-билмаслигидан қатъи назар кўпчилик ёшлар диплом учунгина ҳужжат топширади.

Муаммо юзасидан АДУ ҳузуридаги халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази директори Абдуллоҳ Тоҳириённинг фикрларини тингладик.

– Ҳар йили рус тилида таълим бериладиган мактаблар ўқитувчиларининг 400 нафари, аниқроқ айтилса, буюртма асосида атиги 2 та гуруҳда 25 ва 50 нафардан тингловчи малака оширишга келади, – дейди суҳбатдошимиз. – Жорий ўқув йилида фанлар бўйича касбий ва педагогик қайта тайёрлов курслари ташкил қилинмади. Сабаби, мактабгача таълим муассасаларига малакали кадрлар етказиб бериш учун 2 босқичда ташкил этилган қайта тайёрлов курсларига эътибор қаратилди. Илгари рус тилини ўргатиш ва рус тилида дарс ташкил этиш курсларидаўқитувчилар қайта ўқитиларди. Кейинги вақтларда шундайкурсларга эҳтиёж сезилмоқда.

Ўзлаштиролмаслик, бир синфда такроран ўқиш бола психологиясига ёмон таъсир қилиши тажрибада синалган. Шундай пайтларда уни ўзбек синфига ўтказиш муҳимдир, балки. Лаёқатсиз болада лоқайдлик кузатилади. Барча нарсага, атрофга, ҳаётга умидсизлик билан боқади. Чунки унинг ҳам ўз олами бор. Она тилида дарсларни жон қулоғи билан тинглаб, аъло натижаларга эришган болаларнинг кўпи олий ўқув юртларига киришмоқда, жамиятга фойда келтирадиган мутахассислар бўлиб етишишмоқда.Ваҳоланки, ўзи истамаган машғулот билан шуғулланиш, ортиқча дакки-дашномлар ёшлар онгида ишончсизлик, қатъиятсизлик пайдо қилади ва изланишни сўндиради.

Дилоромхон МУРАТОВА,

Андижон шаҳри халқ таълими

бўлими рус тили фани

методисти.

Нилуфар ЙЎЛДОШЕВА,

"Андижоннома" мухбири.