Жамият

БОҚУВЧИСИНИ ЙЎҚОТГАНЛИК ПЕНСИЯСИ КИМЛАРГА БЕРИЛАДИ?


22.02.2021   2454

Саволга Пенсия жамғармасининг даромад ва харажатларни прогнозлаштириш бўлими бошлиғи Аброр Холматов қуйидагича жавоб беради:

– Пенсия жамғармаси давлат пенсия таъминотини ташкил этишда Ўзбекистон Республикасининг "Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги қонуни ва пенсия таъминотига оид бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ иш олиб боради.

Қонуннинг 19-моддасига мувофиқ, вафот этган боқувчининг қарамоғида бўлган меҳнатга қобилиятсиз оила аъзолари боқувчисини йўқотганлик пенсияси олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Қуйидагилар оиланинг меҳнатга қобилиятсиз аъзолари ҳисобланади:

а) болалар, ака-укалар, опа-сингиллар ва набиралар 16 ёшга тўлмаган бўлса ёки 16 ёшдан катта бўлса ҳам 16 ёшга тўлмасдан ногирон бўлган бўлса. Бунда ака-укалар, опа-сингиллар ва набираларнинг меҳнатга қобилиятли ота-онаси бўлмаса;

б) ота, она, ўгай ота, ўгай она, хотин, эр, башарти, улар 7-моддада назарда тутилган пенсия ёшига тўлган ёки ногирон бўлса;

в) ёшидан ва меҳнат қобилиятидан қатъи назар, ота ва онадан бири ёки эр (хотин) ёхуд бува, буви, ака-ука ёки опа-сингил, агар у вафот этган боқувчининг болалари, ака-укалари, опа-сингиллари ёки набираларини, ишловчиларга болага қараш учун иш ҳақи сақланмаган таътилда бўлиш ҳуқуқини берадиган ёшга тўлгунга қадар боқиш билан машғул бўлса ва ишламаса;

г) бува ва буви агар қонунга мувофиқ уларни боқиши шарт бўлган кишилар бўлмаса.

Ўқувчилар 18 ёшга тўлгунга қадар боқувчисини йўқотганлик пенсияси олиш ҳуқуқига эгадир.

Боқувчисини йўқотганлик пенсияси олиш ҳуқуқига эга бўлган вояга етмаган фарзандлар, улар фарзандликка олинганларида ҳам бу ҳуқуқни сақлаб қолади.

Боқувчисини йўқотганлик пенсияси – пенсия олиш ҳуқуқи пайдо бўлган кундан бошлаб, лекин пенсия тайинланиши учун мурожаат этишдан олдинги 6 ойдан ошмаган муддатдан эътиборан тайинланади. Пенсия ушбу қонуннинг 19-моддасига мувофиқ марҳумнинг оила аъзоси меҳнатга қобилиятсиз, деб ҳисобланган бутун давр учун, оиланинг эркаклар 60 ёшга, аёллар 55 ёшга тўлган аъзолари учун эса умрбод тайинланади.

Юқоридаги қонун талабларига мувофиқ, боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланиши мумкин.

Манба:uza.uz