Жамият

БОҚИЙ ҚАДРИЯТЛАРИМИЗ: Ху келибсан, Меҳржон!


22.09.2018   167

Олтин куз – сарҳисоб палласи. Саховатли фаслда баҳор ва ёз давомида қилинган меҳнатлар бўй кўрсатади. Дала-боғлардаги тўкин-сочинлик бозорлару дастурхонларимизга кўчган: сархил мева, сабзавотлар дилни яйратади.

Шундай фарахбахш кунларда юртимизга Меҳржон байрами қадам ранжида қилади. Сентябрь ойининг 22-санасида нишонланадиган бу айёмдаНаврўзи олам сингари кун ва тун тенг бўлади. Тарихи икки минг йилга бориб тақаладиган Меҳржон (Меҳргоҳ) байрамида одамлар бир-бирларига томорқаларию боғ-роғларида етилган мева, сабзавот ва бошқа ҳосиллардан тортиқ қилишган. Қишлоқ, овуллар аҳли бир жойда жам бўлиб, бир-бирларига меҳр улашишган, ўзаро оқибатли бўлишга ундашган.

Абу Райҳон Беруний "Қадимий халқлардан қолган ёдгорликлар"асарида "Меҳржон" сўзини "Қуёшва "жон севгиси" деган маънолар билан боғлаб талқин қилади. Бу, бежиз эмас, албатта. Чунки энг қадимги даврларда кўпгина ибтидоий халқлар қатори ўрта осиёликлар ҳам қуёшга сиғинишган.

Эронда ва бошқа жойларда "Меҳржон" (ёки "Меҳргон"), кўҳна Хоразмда – "Чири-руж", Сўғдда эса "Ним-сарда" номи билан машҳур бўлган. Фирдавсийнинг "Шоҳнома" асарида бу байрам хусусида фикрлар бор. Наврўз ва Меҳржон зардуштийлар йилномасида бир-бирига файз бериб, икки дурдек чақнаб турган. Шунинг учун бўлса керак, Беруний "Қуёш ва Ой фалакнинг икки кўзи бўлганидек, "Наврўз" ва "Меҳржон" – замоннинг икки кўзидир", дейди.

Кишилар табиат уйғониши, далаларда иш бошланишини "Наврўз" ("йил боши") сифатида тантана қилганлар. Ўсимликлар дунёсининг ўсишдан тўхтаб, "уйқуга кетиши" ва меҳнат мавсуми якунланишини "Меҳржон" ("Йил ярми") деб нишонлаганлар. Мазкур байрам, бир томондан, коинот ва ерга жон ато этиб турган Қуёшни қадрлашга даъват қилган, иккинчидан барчани қиш ғамини ейишга ундаган.

Аждодларимизнинг асосий байрамларидан бири бўлиб келган – Меҳржон кейинги минг йил ичида алоҳида байрам сифатида кенг нишонланмай қўйилган бўлса-да, у бутунлай йўқолмаган. Меҳржон куз ва ҳосил байрамларига бўлиниб кетди. Эндиликда кўпгина қадимий байрамлар каби Меҳржонни ҳам тиклаш ғояси ўртага ташлана бошлади. Мустақилликдан сўнг қадимий Меҳржон юртимизда ҳам ўтказиб келинмоқда.

Халқимиз табиатидаги бағрикенглик, меҳмондўстлик, меҳр-шафқат, саховатлилик каби гўзал фазилатларнинг завол топмай давом этишида бу байрамнинг ҳам ҳиссаси катта. Шу боисМеҳржон юртимизда эзгу умидлар ва шоду хуррамлик билан қарши олинади.

А. Рашидов

тайёрлади.