Андижон 24

БОҒИШАМОЛДА ЯНГИ БЎЛИНМА ҚУРИЛМОҚДА


31.01.2019   1425

Андижон шаҳрининг Боғишамол даҳаси, Боғишамол маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида шаҳар ички ишлар бўлими таркибидаги янги бўлинма учун бино жадал суръатларда қурилмоқда.

Президентимиз жорий йилнинг 15 июль куни пойтахтнинг Юнусобод туманига ташрифи чоғида ички ишлар фаолиятига алоҳида эътибор қаратиб, хавфсизликни таъминлашда илғор ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш зарурлигини таъкидлаган эдилар.

Боғишамол даҳасидаги бўлинма ҳам замонавий талаблардан келиб чиқиб барпо этилмоқда. Ҳудудда 4 та маҳалла мавжуд бўлиб, уларда 15 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Биргина йирик кўчаларнинг сони 35 тадан ортиқ. Ҳудуддан Андижон айланма халқа йўли ўтган. Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги миллий боғ эса туризм аҳамиятига эга. Таълим, соғлиқни сақлаш муассасалари фаолият кўрсатади.

Шуларни назарда тутиб, шаҳар ички ишлар бўлими таркибида алоҳида бўлинма ташкил этилмоқда. Барча қулайликларга эга янги бинода маҳалла фуқаролар йиғини учун хона, паспорт столи хонаси жойлашади. Шунингдек, тез тиббий ёрдам ва фавқулотда вазиятлар бўлимига қарашли бригадалар фаолияти йўлга қўйилади.

Пудратчи “Жаҳон маъмур” МЧЖнинг юздан ортиқ қурувчилари, Андижон шаҳри ҳокимлигининг ободонлаштириш бошқармаси ишчилари ҳамда Боғишамол маҳалласидан кўнгилли ҳашарчилар астойдил ҳаракат қилмоқдалар. Объектда бўлган вилоят ҳокими Ш.Абдураҳмонов зарур кўрсатма ва тавсиялар берди.

«аuz.uz» online гуруҳи.