Бугуннинг гапи

Бобур ихлос қўйган олим


14.02.2018   796

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ихлоси баланд олимлардан бири – Нақшбандия тариқатининг раҳнамоси, дунёга Махдуми Аъзам номи билан машҳур бўлган Сайид Аҳмад ибн Мавлоно Жалолиддин Ҳожагий Косоний Деҳбедийдир. Ҳожагон тариқатининг кўзга кўринган вакилларидан бири, йирик тасаввуфчи олим, маърифатпарвар киши эди. Бу улуғ мутафаккир милодий 1464 йилда ҳозирги Наманган вилоятининг Косонсой туманида таваллуд топган. Отаси Сайид Мавлоно Жалолиддин насаб томонидан пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом авлодларидандир.

Ёшлиги Мадинаи мунавварада ўтган Сайид Камолиддин (Махдуми Аъзамнинг еттинчи бобоси) ўзларига пир излаб, Мадинадан Фарғонага келади. Бу пайтда водийда Султон Илики Мозий (халифа Абубакр Сиддиқ авлодидан) ҳукмдор эди. Сайид Камолиддин Султон Илики Мозийга қўл бериб, унга мурид бўлади. Ҳукмдорнинг таклифига кўра, унинг қизига уйланади. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” асарида тилга олинган Бурхониддин Қилич Сайид Камолиддиннинг ўғлидир. У Султон Илики Мозий, яъни бобосининг хоҳиши билан Фарғона тахтига ўтиради. Ислом дини ёйилишида кўп иш қилгани учун “Қилич” номини олади. Биз ҳикоя қилмоқчи бўлган Махдуми Аъзам унинг бешинчи пуштига мансубдир. “Бобурнома”да “Бу табақа муқтадо (халқ бўйсунган шахс) ва шайхулислом ва қози бўлиб келгандурлар” деб ёзилган.

Олимлардан Исахон Юсуфхон ўғлининг ёзишича, XVI асрнинг 40-йилларида Махдуми Аъзам Миёнқол ҳокими Жонибек Султоннинг таклифига кўра Самарқандга боради ва шаҳар яқинидаги Даҳбед қишлоғида яшайди. Бу ерда у тарбиячи, пир сифатида довруғ қозонади. Ислом динининг Ўрта Осиё, Ҳиндистон, Хитойга ёйилишида кўп иш қилади. У тасаввуф, одоб-ахлоқ, тарих, адабиёт, давлат бошқарув усуллари, фиқҳ илмига оид 30 дан ортиқ асар ёзади. Деҳқончиликка оид “Рисолаи биттихия”ни ёзиб, элда машҳур бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги шарқшунослик институти илмий ходими Эркин Миркомиловнинг маълумотига кўра, Бобур Махдуми Аъзамга иззат-икром кўрсатиш мақсадида ниёз тариқасида бир бўлак олтин қуймасини ҳамда унга бағишланган рубоийсини жўнатган экан. Рубоийдан: “Биздай хастадил мухлисларингга бир назарингни ташлаки, биз Ҳожаги(Аҳмад)ни ташлаб кетган бўлсак-да, лек унинг қулларимиз” деган маъно чиқади. Бобур Ҳиндистонда битилган рубоийлари, “Девони Бобур”га қўшиб, “Рисолаи волидия” асарининг туркий тилга ағдарган таржимасини ҳам илова қилади. Ўз навбатида, Махдуми Аъзам ҳам Бобурга атаб “Бобурия” рисоласини ёзади ва уни Ҳиндистонга жўнатади. Бу асарда нақшбандия йўли, тариқати ҳақида ҳам сўз боради.

Абу Тоҳирҳожа Самарқандий қаламига мансуб “Самария” асарининг “Самарқанд ва унинг атрофидаги сербаракот мозорларнинг аломатлари ва уларнинг номлари баёни ва машҳур сифатлари тўғрисида”ги IX бобида ҳазрат мавлоно Ҳожаги Косоний мозори ҳақида ҳам маълумот берилади. Унда “Даҳбедлик Махдуми Аъзам, деб машҳур бўлган мавлоно Ҳожагийнинг асл юрти Фарғона вилоятига қарашли Косон кентидадир. У ўша ердан кўчиб, (Самарқанд музофотига қарашли) Даҳбед қишлоғига келиб ўрнашди. Бу киши Қутб-ул-аброр ҳожа Убайдулло Аҳрорнинг муриди бўлган ҳазрат мавлоно Муҳаммад қозининг муриди эди (қози 1516 йили боқий дунёга сафар айлагач, Махдуми Аъзам бутун Мовароуннахрда тариқат пешвоси сифатида эътироф этилади). Махдуми Аъзам жанобларининг мақомат, ҳолат ва кароматлари шундаки, бу нодоннинг қалами уни таҳрир ва таҳлил қилишга ожизлик қилади”, деб ёзилган ва Ялангтўш Баҳодирнинг қабри Махдуми Аъзам оёғи остида эканлигига тўхталади. Махдуми Аъзамнинг ўғли Ҳожа Исҳоқ валийнинг мозори эса шаҳар ташқарисидаги Боғи баланд қишлоғида. Ҳожа Даҳбедга қарашли бошқа қишлоқлардан бўлган Сафеддукда кўмилган экан. Замоннинг ўтиши билан Кўҳак дарёси ҳазрат Ҳожанинг мозорига яқинлашгач, ўғли Абдуллоҳожа унинг суякларини у ердан олиб, дарёдан кечиб, ўз қишлоқлари бўлган Боғи баландга келтириб кўмади. Ҳожа Исҳоқ Махдуми Аъзам ўлими чоғида ёш бола экан. Отасининг халифаларидан бўлган чустлик Мавлоно Лутфулло Чустий қўл остида тарбия топади. Ҳожа Исҳоқ 1007 (1598) йилда вафот этади.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур Махдуми Аъзам набираси – Қашқар пири комили Опоқ Ҳожанинг ихлосмандларидан эди. Бобораҳим Машраб ҳам Намангандан Қашқарга бориб, шу кишидан таълим олгандир.

Махдуми Аъзам вафоти абжад ҳисобида “Қутби олам рифтвойи”, яъни “Оламни ёритувчи бир юлдуз кетди”, деб баён этилган. Бундан 1542 милодий, 940 хижрий йил келиб чиқади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев “Ҳавас қилса арзийдиган аждодларимиз бор”, дея ифтихор ила сўзлаган эди. Ана шундай улуғ инсонлардан бири Мавлоно Махдуми Аъзам бўлиб, шоҳ ва шоир, буюк давлат арбоби бобокалонимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур у кишига ихлос қўйган ва пири комил сифатида қадрлаганлар.

Зокиржон ЮНУСОВ,

Ўзбекистон Журналистлар ижодий

уюшмаси аъзоси.

Тожимирза МАМАНАЗАРОВ,

АҚХИ «Қишлоқ хўжалигида бухгалтерия

ҳисоби ва аудит» кафедраси катта ўқитувчиси.