Андижон 24

БОБУР БОҒИДА БОШЛАНГАН ПОЛКА НАВОИЙ БОҒИДА ДАВОМ ЭТДИ (+ФОТО)


03.06.2019   2143

“Андижон полкаси” ўзига хос феъл-атвор, мардлик, чапаниликни ифода этувчи қувноқ рақс. У ижро этилганида кўнгилларга жўшқинлик, кайфият ва кўтаринкилик кириб келади. Ўзига хос тарихга эга бўлган ноёб санъат дурдонаси неча йиллар ўтса ҳамки, охори тўкилмади. Аксинча, янада сайқалланиб, оммалашиб бормоқда.

- Мусиқаси ҳам, рақси ҳам бизнинг фахримиз, - дейди Андижон тумани маданият маркази раҳбари Абдулазиз Юсупов .- Уни Ориф гармон Тошматов басталаган бўлса, саҳналаштиришда устозимиз, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Абдуғаффор Қодировнинг меҳнатлари катта. Рақс ижро этилаётганИда ҳиссиз томоша қилиб тура олмаймиз. Ҳар бир ҳаракат ўзига яраша маънони англатади. Масалан икки қўлни мушт тугиб, олдинга кетма-кет бурама ҳаракатлантириш, ўнг ва чап қўлларни баландга кўтариб силкиш йигит кишини куч-қудратга тўлганини, бир қўлни белга қўйиб, иккинчисини даст кўтариб силташ ва қулоч ёзиб тепага кўтариш Ватанга, юртга содиқлигини билдиради.

Юртбошимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг биринчиси ёшларни мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини оширишга, истеъдодини юзага чиқаришга йўналтирилган. Вилоятимизда ҳам барча йўналишлар қатори ушбу ташаббусга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Вилоят ҳокими соврини учун ўтказилган энг яхши “Андижон полкаси” рақси ижрочиси ва жамоаси танловининг ўтказилиши ҳам бу санъат турига ёшларнинг қизиқишларини ошириш, иқтидорлиларини аниқлаш ва рағбатлантиришга хизмат қилмоқда.

- Бугунга қадар танловнинг қуйи босқичлари ўтказилди, - дейди вилоят маданият бошқармаси бўлим бошлиғи Дилмурод Сатторов. – Талабгорлар орасидан энг моҳирлари сараланди. Ҳакамлар хайъати рақснинг аслига яқинлиги, ўзаро ҳаракатларнинг уйғунлиги, кийиниш ва саҳна маданиятига эътибор қаратиб, ҳар бир иштирокчи ва жамоага баҳо қўйиб борди. Якуний босқичда ғолиблар номи эълон қилинади ва вилоят ҳокимининг қимматбаҳо совғалари топширилади.

Боғишамол даҳасидаги Бобур номли миллий боғда танловда иштирок этган ва хаваскор раққослардан иборат минг нафар мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари, касб-ҳунар коллежи ва умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари, олий ўқув юртларининг талабалари жам бўлдилар. Улар зинапоялар бўйлаб терилиб, Андижон рақсини жўрликда ижро қилдилар. Якунида “Биз Ўзбекистонни, Андижонни севамиз!” деган сўзлар баралла янгради ва жонли “Андижон” сўзи ҳосил қилинди.

Тадбир шу куни ўтказилган “Андижонни гуллар вилоятига айлантирайлик!” шиори остидаги фестивал доирасида полкачи йигитлар, туманлардаги фольклор-этнографик гуруҳлар вакилларининг Андижон шаҳри Навоий шохкўчаси бўйлаб юришига боғланди.

-Вилоятимиз туманларидан “Зилола”, “Бедана”, “Гавҳар”, “Отуш” ва бошқа фольклор-этнографик ансамбллари, бадиий жамоалар бугунги байрамга ўз ҳиссалари қўшмоқдалар, - деди вилоят маданият бошқармаси етакчи мутахассиси Шоҳжахон Холбеков. – Улар миллий қадриятларимизнинг ажралмас қисми бўлган лапар, ўлан, айтишувлари билан барчага кўтаринки кайфият улашмоқдалар.

-Президентимизнинг 5 та ташаббуси бўйича туманимиздаги 5 та маданият марказларининг барчасида биринчи йўналиш асосида бадиий хаваскорлик жамоалари тузилди, - дея суҳбатимизга қўшилди Пахтаобод тумани маданият бўлими бошлиғи Адолатхон Раҳмонова. – Уларга 7 ёшдан 30 ёшгача бўлган йигит-қизлар қамраб олинган. “Бойчечак”, “Ифтихор”, “Парвоз” ансамблларининг ҳар бирига камида 15 тадан иқтидорли ёшлар қамраб олинди. Куни кеча ўтказилган Дўстлик фестивалида улар ўзларининг дастурлари билан барчани мамнун этдилар.

-Балиқчи туманида ҳам ёшларни санъат, маданият, театрга қизиқишларини ошириш ва ташкил этилган тўгаракларга қамраб олиш мақсадида чекка ҳудудларда иқтидорлар билан ишлаш учун гуруҳлар ташкил этганмиз, - дейди Балиқчи тумани маданият бўлими мутахассиси Моҳирахон Тўхлибоева. – Улар ёшларни қобилиятларига кўра йўналтириб, малакали мураббийларга бириктирмоқда.

Тадбир иштирокчилари Андижон шаҳри Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғига етиб келдилар ва арк олдида яна бир бор “Андижон полкаси” садолари остида рақс ижро этдилар. Уларни вилоят ҳокими бошчилигидаги меҳмонлар ва байрамга келган юзлаб ҳамюртларимиз олқишлаб турдилар.

Минг нафар иштирокчилар жўрлигида Бобур номли миллий боғда бошланган рақс Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғида давом этиб, гуллар байрами очилганига ишора берди. Ҳавога Ватанни, Андижонни шарафловчи ёзувлар ҳамроҳлигида ғазаллар, Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф шеърлари ёзилган битикларни ўз ичига олган юзлаб шарлар кўтарилиб, кўнгилларга янада кўтаринкилик бахш этди.

«auz.uz» online гуруҳи.