Андижон 24

БОБИРБЕК ЮЛДАШЕВ МАРҲАМАТ ТУМАНИГА ҲОКИМИ ЭТИБ ТАЙИНЛАНДИ


27.05.2020   1429

27 май куни куни Халқ депутатлари Марҳамат тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси ўтказилди. Унда Андижон вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирок этиб, маъруза қилди.

Сессияда ташкилий масала кўриб чиқилиб янги туман ҳокими тайинланди.

Бобирбек Юлдашев 1986 йилда Андижон шаҳрида туғилган, 2008 йилда Андижон муҳандислик иқтисодиёт институтини (сиртқи) тамомлаган.

2005-2006 йилларда Андижон шаҳар статистика бўлими иқтисодчиси сифатида меҳнат фаолиятини бошлаган. 2006-2009 йилларда Андижон вилояти статистика бошқармасида фаолият юритган, 2009-2018 йилларда Андижон вилояти ҳокимлигида турли лавозимларда ишлаган, 2018-2019 йилларда Ўзбекистон Республикаси президенти администрацияси маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ишлаш шўъбаси етакчи инспектори сифатида ишлаган, 2019 йилдан ҳозиргача ушбу шўъба бош инспектори лавозимида фаолият юритаётганди.

Маълумот учун 19 май куни президент иштирокида Тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар бўйича ўтказилган видеоселекторда тадбиркорлар билан ишлашда сусткашликка йўл қўйган айрим туман ва шаҳар ҳокимларини вазифасидан озод қилиш бўйича кўрсатма берилганди. Хусусан, Бўстонлиқ, Муборак, Яккабоғ, Тўрткўл, Сўх туманлари ва Оҳангарон шаҳри қаторида Марҳамат туманида ҳам тадбиркорлар томонидан эътирозлар кўплиги маълум бўлгани айтилганди.

2017 йилдан буён Марҳамат туманига ҳокимлик қилиб келган Шуҳратбек Қамчиев 2020 йилнинг 21-22 май кунларида президентнинг Андижон вилоятига сафари давомида ишдан олинди.