Иқтисодиёт

Бизнинг суҳбат: ўзи шакардан ширин, даромади ундан-да ширин


25.09.2017   1280

Избоскан туманининг Жонобод қишлоғида истиқомат қилувчи Расулжон ака Қутибоев тиниб-тинчимас инсон. Қачон қараманг бирон бир ҳайрли ишнинг пайида юрган бўлади. Бундан уч йил аввал оила аъзолари билан “Оллоберди асали” фермер хўжалигини ташкил этиб, элдошларимизни шифобахш неъмат билан сийлашга аҳд қилди. Ниятига яраша ҳаракат қилаётган Расулжон ака кейинги пайтда стевия аталмиш шифобахш ўсимликдан яхна чой тайёрлаш лойиҳаси бўйича иш олиб бормоқда.

Айни пайтда ўзи ташкиллаштирган хўжаликда маслаҳатчи сифатида фаолият юритаётган ҳамюртимиз билан суҳбатимиз шу хусусда бўлди.

-Расулжон ака, стевия қандай ўсимлик ва қайси хасталикларда наф беради?

- Стевия, яъни асалли япроқ шифобахш ўсимлик саналади. Барги шакардан 30 баробар ширин. Ундан тайёрланган ичимлик парҳез ҳисобланиб, мутлақо безарарлиги исботланган. Қандли диабет, семириш,бавосил, қабзият, иммунитет танқислиги, уйқусизлик ва асабийлашиш, бош оғриғи, остерехандроз, гангрена, оёқ шишиши, совуқ олиш, қон босимининг кўтарилиши ва тушиши, сочнинг оқариши ва тўкилиши, бепуштлик, таносил аъзолари, буйрак, ошқозон-ичак йўллари, шамоллаш, турли геноз-қон, оғиз бўшлиғи ва аллергик касалликлар ҳамда бошқа бир қатор хасталикларда шифобахш таъсирга эгалиги аниқланган.

-Энди лойиҳангиз билан яқинроқ таништирсангиз?

-Ҳозирда хўжалигимиз даласида 4000 туп стевия кўчатини парваришлаяпмиз. У ярим гектар майдонни кўчат билан таъминлаш имконини беради. Биз хом ашё етиштирувчидан ишлаб чиқарувчига айланиш ниятидамиз. Бунинг учун қўшимча ер майдони ва ҳамкор зарур бўлмоқда. Республикамизда стевия етиштириш билан бармоқ билан санарли одам шуғулланмоқда. Вилоятимизда бу иш бизда ва Жалақудуқ туманида йўлга қўйилган, холос. Бир гектар майдонга 75 минг туп кўчат экилса, ундан қуруқ ҳолда 500 килограмм барг йиғиб олиш мумкин. 2 гр қуритилган баргидан 0,5 литр ҳажмидаги 2 та идишчада яхна чой тайёрлаш имконияти мавжуд. Яхна чойи табиийлиги сақланганг ҳолда қўшимча таъм қўшилганда мазаси “Кока-кола”, “Пепси-кола”дан қолишмайдиган экспортбоп ичимлик тайёрлаш мумкинлигига ишончим комил.

-Стевиядан яхна чой тайёрлаб, кўзланган даромадни олишга ишонасизми? Бир қарашда лойиҳангиз серчиқимга ўхшаб кўриняпти.

- Ҳар ишнинг боши осонмас. “Жон чекмасанг жонона қайда, тоққа чиқмасанг дўлона қайда” дейдилар-ку! Агар бир гектар майдонга стевия экилса, ўн киши иш билан таъминланади. Агар ўн гектарда парваришланса 100 киши ишлик бўлади. Дейлик ярим литр яхна чой сотиш нархи минг сўм деб белгиланса, 100 кг асалли япроқдан 100 миллион сўмга етказиб даромад олиш мумкин. Хомчўтга кўра, ҳозирги ҳолатда стевия қуритилган баргининг бир килограмми миллион сўм фойда келтириши мумкин экан.

Ишловчиларнинг иш ҳақлари ҳам чакки бўлмайди. Уларни бепул иссиқ овқат билан таъминлаш, иш сифатига қараб мукофотлар бериб бориш имкониятлари яратилади. Лойиҳамизда барча нарса кўзда тутилган. Уни амалга ошириш учун бизга ишончли шерик керак. Биз шерикчиликка давлатни танладик.Давлатнинг номидан шерикчилик ваколати берилган ташкилот лойиҳамиз билан танишса айни муддао бўларди. Юқорида айтганимдай, хўжалигимизда стевиянинг кўчат заҳираси тайёр. Лойиҳанинг ҳал қилувчи босқичини амалга оширадиган кунларни интиқлик билан кутяпмиз. Бугун юртимизда изланиш, интилиш ҳар қачонгидан авжида. Яратувчилик меҳнатида фидойилик кўрсатадиган давр келди. Биз ҳам бу жараёнда ортда қолишни истамаймиз, тўсиқларга парво қилмаймиз, муаммоларимиз ечимини топишига ишонаман. Гапимни куни кеча битган қуйидаги қораламам билан ниҳоясига етказишни истардим:

Вақт бебаҳо, қайтариб бўлмас сонияни ҳам,

Замон шиддатли, шиддат уйғотди беғамни ҳам.

Тур елкама - елка, гар шу юрт фарзандисан,

Йўқса йўлдан қоч, қочмаслик душманлик, болам...

Суҳбатдош: Ҳалимжон ТОҲИРОВ,

Auz.uz махсус мухбири.