ЖАМИЯТ

«БИЗ ЁШЛАР ЮРТИМИЗГА ХИЗМАТ ҚИЛИШДА ВИЖДОНЛИ, ИНСОФЛИ ВА ҲАЛОЛ БЎЛИШИМИЗ ШАРТ!»


15.06.2019   1084

Муҳтарам Юртбошимизнинг ташаббуси билан бутун мамлакатдатом маънода коррупцияга қарши курашиш бошланди. Шу сабабли жамиятимизда лоқайдлик, бефарқлик, иккиюзламачилик, товламачилик, фирибгарлик, уруғ-аймоқчилик, таниш-билишчилик, порахўрлик каби иллатларга муросасиз муносабатини шакллантириш катта аҳаямиятга эга. Шу маънода касб-ҳунар коллежларини тамомлаб, катта ҳаётга қадам қўяётган 3-босқич ўқувчилари онгу тафаккурида коррупцияга қарши муросасиз кайфиятни шакллантириш, бу иллатга қарши мустаҳкам иммунитетга эга бўлиши муҳим аҳамият касб этади.

Андижон индустриал-педагогика коллежида ҳам “Биз ёшлар юртимизга хизмат қилишда виждонли, инсофли ва ҳалол бўлишимиз шарт!” шиори остида “Коррупция – адолат кушандаси” мавзусида Республика иншолар танлови ўтказилди. Тадбирда ИИБ, вилоят прокуратураси, Миллий гвардия. “Нуроний” жамғармаси ҳамда касб-ҳунар коллежи бошқармаларидан масъуллар иштирок этдилар. Сўзга чиққан коллеж директориДилафруз Қурбонова, Андижон шаҳар ИИБ лейтенанти Ҳамидулло Мирабдуллаевлар танловнинг мазмун-моҳиятини тушунтирдилар.

Ушбу таълим муассасида 6 йўналишда таҳсил олаётган талабаларга 60 га яқин тажрибали педагог таълим-тарбия бериб келмоқда. Ўқишни тамомлаётган 532 ўқувчидан 502 таси ушбу танловда фаол қатнашдилар.

Коррупциянинг моҳияти, жамият тараққиётига хавфи, унга қарши кураш бўйича амалга оширилаётган ишлар, асосланган ғоя, фикр, материалларга ўқувчиларнинг муносабати, иншонинг ўзига хос услуби ва бошқа иншолардан ажралиб турадиган жиҳатларида уларнинг ижодий ёндошувлари кузатилди. Шунингдек, бадиий ифода маҳорати, халқ мақоллари, ҳикматли сўзлар, ибратли ривоятлардан ўринли, унумли фойдаланишдаги маҳоратлари баҳоланди.

- Бугунги ёшларимиз, ақлли, изланувчандир. Улар эркин фикрлай олиши, мавзуга муносабати катта аҳамиятга эга, - дейди ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Исроилжон Нишонов.

- Иншолар танловининг битирувчилар томонидан ёзилиши бежизга эмас. Улар катта ҳаёт остонасида туришибди. Зеро, келажагимиз ёшлар қўлида. Теран фикрлаётган ўқувчиларнинг мулоҳазалари ушбу иллатни келжакда таг-томири билан йўқолишига хизмат қилишига ишонаман, - дейди тарих фани ўқитувчиси Донохон Қурбонова.

Вилоят бўйича 40 мингдан зиёд коллеж ўқувчи-ёшлари ушбу танловда иштирок этдилар ва “Энг яхши плакат”, “Энг яхши сурат” номинациялари бўйича тақдирландилар.

Мафтуна ЖАЛОЛДИНОВА.