Андижон 24

БИЗ ВАТАНПАРВАРЛАРМИЗ!


09.04.2019   2083

Андижон шаҳридаги Ёшлар марказида "Биз ватанпарварлармиз" шиори остида ўтказилган маънавий-маърифий, спорт тадбири Президентимизнинг 2018 йил 12 декабрдаги "Ёшларни ватанпарварлик руҳида ва жисмоний тарбиялаш ҳамда чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ижросига бағишланди. Уни Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти вилоят кенгаши уюштирди.

Тадбирда ҳарбий хизматчилар, фахрийлар ва ҳуқуқшунослар, мустақилликни ҳимоя қилиш йўлида қаҳрамонларча ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари, талаба-ёшлар ва ўқувчилар иштирок этдилар. "Ёшларнинг ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш концепцияси"нинг моҳиятини акс эттирувчи китобнинг тақдимот маросими ҳам ўтказилди. Юрт осойишталиги йўлида жон фидо қилган қаҳрамонлар хотирланди.

– Турмуш ўртоғим Илҳомжон Дўстонов жуда ёш бўлишига қарамай, халқи, мустақил Ватани учун жонини фидо қилди. Мамлакатимизда ана шундай мард ўғлонларнинг оила аъзоларига ҳам алоҳида эътибор кўрсатилмоқда. Қизим имтиёзли равишда АДУ талабаси бўлди. Ўғлим эса Тошкентдаги Темурбеклар ҳарбий мактабида ўқимоқда. Отасидек юрт посбони бўлмоқчи, – деди Фаридахон Дўстонова.

Хўжаободлик Машрабжон ота Отабеков:

– Ўғлим Анваржон 22 ёшида хизмат вақтида халок бўлди. Қисқа умрини зое кетказмади. Унинг мард ва жасурлиги хотираларда мангу яшамоқда. Ордак қишлоғимиздаги 6-мактабга унинг номи берилди. Шундай фарзанднинг отаси эканлигимдан фахрланаман, – деди ғурурланиб.

Анжуманда жамиятнинг турли тармоқлари, айниқса, ҳарбий соҳа билан алоқадор бўлган давлат хизмати турларида фаоллик кўрсатиш, тинч ва ҳарбий шароитда Конституцияга ва касбий бурчга садоқатли бўлиш, уларда ўз юрти ва халқи тақдири учун юксак масъулият, жавобгарлик каби муҳим хусусиятларни шакллантириш зарурлиги таъкидланди. Иштирокчилар шоир ва ёзувчилар билан учрашувларда ватанпарварлик туйғуларини акс эттирувчи мароқли суҳбатлардан баҳраманд бўлдилар.

Шунингдек, Қуролли кучларни ислоҳ қилиш, профессионал армияни шакллантириш борасида қабул қилинаётган қонунларнинг мазмун-моҳияти, Олимпия ўйинлари, жаҳон ва Осиё чемпиони бўлган спортчилар ҳамда эстрада юлдузлари иштирокида турли мавзуларда давра суҳбатлари ташкил этилди. Бундан ташқари, "Йўл қоидасиумр фойдаси", "Қоидани бузмай юр!" шиорини илгари сурувчи йўл ҳаракати қоидалари, келиб чиқадиган транспорт ҳодисаларининг олдини олишга бағишланган тарғибот ишлари олиб борилди.

Тадбирда ташкилот Марказий кенгаши раиси ўринбосари, кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш маркази директори М. Умаров ҳамда вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М. Юнусова сўзга чиқишиб, фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Нилуфар ЙЎЛДОШЕВА.

Хурсандбек Араббоев олган сурат.