ЖАМИЯТ

“БИЗ УЧУН ЭНГ МУҲИМИ, ШУ...”


25.05.2020   745

Шаҳрихон туманининг 10 нафар уй ичи газ жиҳозларига хизмат кўрсатиш чилангарлари тумандаги 51 мингдан ортиқ табиий ва суюлтирилган газ истеъмолчиларининг 65 мингга яқин уй ичи газ жиҳозларига сидқидилдан хизмат кўрсатиб келмоқдалар. Зеро, бугун уларнинг хизматлари аҳоли хавфсизлигини таъминлаш учун ҳисса қўшишликка қаратилган.

“Ҳудудгаз Андижон” МЧЖ матбуот хизмати Шаҳрихон туманига ташрифи давомида “Қайрағочгузар” МФЙнинг “Роҳат” кўчаси ҳамда “Муллабой” МФЙнинг “Нурли келажак” кўчаларидаги хонадонларда бўлди ҳамда чилангарларнинг аҳоли хонадонларига хизмат кўрсатиш жараёни билан танишди.

Бизга ҳамроҳлик қилган “Шаҳрихонтумангаз” филиалининг уй ичи газ жиҳозларига хизмат кўрсатиш хизмати бошлиғи Давронбек Турғунов ва чилангар Мўминжон Икромовлардандан касб фаолиятига оид маълумотлар билан қизиқдик.

Икромжон Мўминов, уй ичи газ жиҳозларига хизмат кўрсатиш чилангари:

"Хонадонга хизмат кўрсатиш учун кирганимизда, аввало, уй эгаларига техник кўрикни нега йилда бир маротаба ўтказиш кераклигини тушунтирамиз. Ҳар хил оилага дуч келасиз. Кимдир тўғри тушунади, яна кимдир эса тушунгиси келмай асабийлашади. Шунда хушмуомалалик билан тушунтиришга ҳаракат қиламиз. Шу кунгача, ҳали биронта хонадондан ёмон гап эшитмадик. Кейин бизга юклатилган ишни чин дилдан бажаришга ҳаракат қиламиз. Чунки сенга бириктирилган ҳудудга, кейин яна келишинг бор. Яхши бўлсанг, одамларда ишонч уйғотасан ҳамда келаси сафар сени юзида табассум билан кутиб олишади. Агар хизмат яхши бўлмаса, ишонч ҳам йўқолади, ишлашинг ҳам оғир кечади.."

Чилангарнинг айтганлари чин ҳақиқат. Бугунги кун истеъмолчилари арзон ва сифатли хизматни хоҳлашади. “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан эса бутун республикамиз бўйлаб ана шундай хизматлар истеъмолчиларга таклиф этилмоқда.

Давронбек Турғунов, уй ичи газ жиҳозларига хизмат кўрсатиш хизмати бошлиғи:

"Туманимиздаги уй ичи газ жиҳозларининг 50 мингини икки, уч ва тўрт кампаракли газ плиталари ташкил этади. Яна 11 865 та иситиш печлари, 659 та иситиш қозонлари ҳамда 572 та уй ҳаммомларига ўрнатилган титанлар мавжуд. Фаолиятимиз давомида эса имкон қадар барига хизмат кўрсатишга ҳаракат қилаяпмиз."

Кечгача тик оёқда юриб, хонадонма-хонадон юргувчи чилангарга ҳам осон эмас. Лекин улар сабр ва чидам билан, ўз касбини севганлари учун ҳам тинмай ҳаракат қилмоқдалар.

Икромжон Мўминов, уй ичи газ жиҳозларига хизмат кўрсатиш чилангари:

"Очиғи, ўзим ишлаётган касбим билан фахрланаман. Чунки одамларни, юртдошларимни бехавотир яшашлари учун оз бўлса-да ҳисса қўшаяпман деб, ўйлайман. Тўғри бугунги кунда, рақобат кўп, лекин қачон ўз ишингни устаси бўлсанг, ўзинга юклатилган вазифани виждонан ва ҳалол бажарсанг ҳар қандай рақобатда ютиб чиқишинг аниқ. Чунки сени қўллаб турувчи истеъмолчиларинг бор. Биз учун эса энг муҳими, шу."

“Ҳудудгаз Андижон” МЧЖ матбуот хизмати