Сайлов - 2021

БИР СОАТ ИЧИДА 29, 7 ФОИЗ


24.10.2021   988

2-Андижон округ сайлов комиссияси раиси Комилжон Комилов овоз бериш жараёнларининг дастлабки натижалари тўғрисида маълумот берди.

- Миллий сайлов қонунчилигимизнинг демократик тамойиллар асосида янада такомиллашгани, фуқароларнинг сиёсий-ҳуқуқий онги ва маданияти юксалиб бораётгани сайлов жараёнларининг очиқ, ошкора ва уюшқоқлик билан ўтишини таъминламоқда.

Бугун 2021 йил 24 октябрь якшанба куни бутун республикамизда бўлгани каби 2-Андижон сайлов округи ҳудудидаги 931 та сайлов участкасида эрталаб соат 8.00 да давлатимиз мадҳияси янграб, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига овоз бериш жараёни бошланди.

Соат 9.00 га қадар сайловчилар умумий рўйхатига киритилган 1 миллион 803 минг 573 нафар сайловчининг 537 минг 342 нафари овоз беришда иштирок этди.

Бу сайловчилар умумий сонининг 29,7 фоизини ташкил этади.

Овоз бериш жараёнлари Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган демократик принциплари асосида очиқ ва ошкора ўтказилмоқда. Вилоятимизнинг 16 та ҳудудидаги 16 та сайлов участкасига ўрнатилган видеокузатув камералари орқали сайлов куни бўлиб ўтаётган барча жараёнлар тўғридан-тўғри дунёга намойиш этилмоқда.

Овоз бериш билан боғлиқ жараёнларни халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлардан ташриф буюрган халқаро кузатувчилар, шунингдек, сиёсий партиялар ва аккредитациядан ўтган журналистлар кузатиб бормоқда.

Ушбу муҳим сиёсий тадбирни ташкил этишда 931 та сайлов участкаси комиссияларидаги 13 минг 801 нафар участка сайлов комиссиялари аъзолари сайловчиларнинг конституцион ҳуқуқларини белгиланган меъёрларга асосан адо этишларини тўғри ва тўлиқ ташкил этмоқдалар.

Шунингдек, пандемия шароитида сайловни ташкил этиш учун барча зарур шароитлар яратилган. Ҳар бир участка керакли миқдорда ҳимоя ниқоблари, антисептик воситалар, термометрлар билан таъминланган. Эпидемологик хавфсизлик чораларига қатъий риоя қилинмоқда.

Овоз бериш жараёнида сайловчилар ва кузатувчилардан эътирозлар қайд этилмади.

Овоз бериш жараёнлари давом этмоқда.

2-Андижон огруг сайлов комиссияси Матбуот маркази.