ЖАМИЯТ

БИР МИНГ ТОННА


26.05.2020   1006

Минг тонна. Бу рақам “Бўстонтумангаз” филиали томонидан шу кунгача тумандаги 10 250 истеъмолчига етказиб берилган суюлтирилган газ миқдори.

Келинг, шу рақам таҳлилини кўриб чиқсак. Агар минг тоннани килограммга чақсак бир миллион килограмм бўлар экан. Ҳар бир суюлтирилган газ баллонига 20 кгдан газ қуйилишини ҳисоблаганда эса, ушбу миқдордаги газ 50 минг дона баллонга жойланади. Энди шу баллон сонини истеъмолчилар миқдорига бўлиб чиқилса 5 рақами келиб чиқишини сиз ҳам ҳисоблаб улгурдингиз, чоғи. Май ойини йил бошидан санаганда 5-ойлигини ҳисобга олсак, демак “Бўстонтумангаз” филиали ходимлари ҳар ойда бир маротаба истеъмолчига суюлтирилган газ етказиб бермоқдалар ва етказиб беришнинг ўртача даврийлиги 30 кундан ошмаётганлиги кўринади.

Даврийликнинг 30 кундан ошмаганлиги яхши. Лекин етказиб бериш сифати ҳам бор гап. Ана шу мақсадда Бўстон туманидаги “Гузар” МФЙда аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш жараёнида иштирок этдик.

“Бизни маҳаллада 589 та хонадон бор. Истеъмолчиларимиз 715 тани ташкил этади. Газ машинаси вақтида келади. Газ идорасига раҳмат, карантин даврида ҳам таъминотда узилиш бўлмади. Қачонки уйдаги қора қозонинг тагида олов ёниб турса, дастурхонингда бир коса овқат бўлади, қорнинг тўяди. Шукроналик ҳисси билан сенга хизмат қилганлардан рози бўлган ҳолда яшайсан,” - дейди биз билан суҳбатда МФЙ раиси Қўзивой ака Эргашев.

Дарҳақиқат, тумандаги 10 мингдан сал ошиқроқ истеъмолчида 19 270 дона маиший газ баллонлари мавжуд. Уларнинг 16 381 донаси таъминотчи корхона томонидан ижара шартнома асосида тарқатилган. Демакки, истеъмолчининг маиший газ баллони билан таъминланганлик даражаси 160 фоизни ташкил этмоқда.

Зуҳриддин Мирзахолов, “Бўстонтумангаз” филиалининг суюлтирилган газ етказиб бериш ва ҳисобини мувофиқлаштириш бўлими етакчи муҳандиси:

“Маҳаллаларга суюлтирилган газ етказиб беришда, аввало, бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда карантин қоидаларига тўла амал қилмоқдамиз. Тиббий ниқоб, қўлқоп ва антисептик воситаларни узлуксизлигини таъминламоқдамиз. Назорат тарозиларининг бир меъёрда ишлаши, махсус автотранспортларимиз ва ундаги маиший газ баллонлари доимий равишда дезинфекция қилинмоқда. Мақсадимиз, халқимизга хавфсиз хизмат кўрсатиш.”

“Гузар” МФЙни кезар эканмиз, аҳоли вакиллари билан суҳбатлашдик. Улардан ҳам суюлтирилган газ ўз вақтида етказиб берилаётганлигини эшитдик. Миннатдорчилик сўзларини эшитиб кўнглимиз кўтарилди. Аҳоли бугун газ идораси ходимларидан хурсанд. Зеро, “Ҳудудгазтаъминот” АЖнинг аоссий принципларидан бири, истеъмолчини табиий ёки суюлтирилган газ билан ўз вақтида таъминлаб, розилигини олиш.

“Ҳудудгаз Андижон” МЧЖ матбуот хизмати