ЖАМИЯТ

БИР ҚЎЛДА ҚУРОЛУ, БИРИДА КИТОБ


20.10.2020   2087

Китоб ўқийдиганлар, одатда телевизор томоша қиладиганларни бошқарадилар, деган эди мумтоз сўз усталаридан бири. Мутолаага ошнолик ҳарбийлар орасида ҳам ортиб бормоқда. Жумладан, Ички ишлар вазирлигига таркибидаги Андижон халқаро аэропортларда хавфисзликни таъминлаш қўшинларига қарашли ҳарбий қисм хизматчилари “Шарқ зиёкори Тошкент” Андижон филиали билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатган.

Ҳарбий қисмда ташкил қилинган навбатдаги кўргазма-савдоси сабаб сўз сеҳри атрофида яна бир бор суҳбат қурилди.

-Замонавий ўзбек адабиёти намояндалари Эркин Воҳидов, Ҳалима Ҳудойбердиева, Ҳамид Олимжон асарларининг янги тўпламлари, жаҳон тан олган Стендаль, Габриэль Гарсиа Маркес, Вадим Кожевников каби романнависларнинг китобларини олиб келдик, - дейди “Шарқ зиёкори Тошкент” Андижон филиали раҳбари Улуғбек Исақов. – Ўзбек тилининг беш томли изоҳли луғати (янги нашр) ҳам узоқ кутилган эди. Тинчлигимиз посбонлари кўргазма билан танишиб, керакли китобларни харид қилмоқдалар.

-Сўнгги танишганим Ўткир Ҳошимовнинг “Тушда кечган умрлар” китоби бўлди, - дейди гуруҳ командири, шартнома асосидаги ҳарбий хизматчи Шуҳратжон Раҳмонов. – Унда афғон уруши қатнашчиларининг кечинмалари битилган.

Қисм командири ўринбосари Адизбек Нарзиев билан кутубхона айланамиз. Ҳарбийларга хос хусусият – мўъжаз билим масканининг бадастирлиги, газета таҳламларининнг саранжонлиги эътиборни тортади.

-Бу йил Шуҳратжон Раҳмонов каби тўрт нафар ҳамкасбимиз олий ўқув юртларига сиртдан ўқишга кирди, - дейди Адизбек. –Бу ҳам китобга бўлган қизиқишнинг самараси.

Оддий аскар Фазлиддин Абдуманнопов Асакадан. Деҳқончилик билан шуғулланган йигит инглиз тилида дурустгина сўзлашади. Ҳарбийликни ният қилиб турибди. Орзуси - шу соҳада таржимон бўлиш.

Бухоро-шарифдан келиб хизмат қилаётган капитан Мирсаид Ражабов тарихий асарлар шайдоси. Буюк алломалар етишиб чиққан қадимий кент фарзанди Президентимиз илгари сурган учинчи ренессансга эришишимизга шубха қилмайди, зеро вужудимизда аждодлар қони оқмоқда, деб ҳисоблайди.

Харид қилинган маънавий бойлик кейинги учрашувга қадар ҳарбийлар дилини забт этиб улгуришига шубҳа йўқ.

С.Шукуров.

А.Қодиров олган сурат.