Жамият

Бир евролик уй


21.07.2017   433

Бошпанаси йўқ одам кўрпа-тўшак ўрнида фойдаланиш учун газета тўплаётиб, тасодифан ғалати эълонга кўзи тушди: «Нархи бир евро бўлган уй сотилади». У «Хато ёзилган бўлса керак», деб ўйлади ва егулик топишга астойдил киришди.

Ҳар доим ўзига емиш излайдиган ахлат қутиси ёнидаги деворда яна ўша эълонни кўрди: «Нархи бир евро бўлган уй сотилади». У буни «қўпол ҳазил»га йўйди ва қандай бўлмасин эртагача яшаб қолиш учун бўш бутилкаларни излай бошлади.

Шаҳар марказий майдонидаги улкан реклама тахтаси эътиборини тортди: «Нархи бир евро бўлган уй сотилади». Чўнтагидаги яккаю ягона тангани ҳар эҳтимолга қарши пайпаслаб ушлаганча «Алдамчилик” деб қўйди ичида. Шу пайт ёнидан ўтиб кетаётган автомобиль радиосидан яна ўша эълонни эшитди: «Нархи бир евро бўлган уй сотилади».

Қоронғу тушишига ҳали бор эди. Тирикчиликнинг янги юмушлари кўринмасди. Йўқотадиган нарсанинг ўзи йўқ. У қайси ақлдан озган одам уйини бир еврога сотишга жазм қилганини билишга қизиқиб, йўлга отланди.

Эълондаги манзил бўйича айтилган уйни топди. Эшикни бир аёл очди.

- Эълонни ўқиб, келдим, - деди у журъатсизлик билан. – Унда айтилганлар тўғрими?

- Ҳа, бу тўғри, - жавоб қилди аёл. – Агар уй сизга ёқса ва бир евро тўлашга тайёр бўлсангиз, бугуннинг ўзидаёқ барча зарур ҳужжатларни имзолашимиз ҳамда сиз уйнинг тўла ҳуқуқли эгасига айланишингиз мумкин.

У одамга уй маъқул тушди ва курткасининг титилиб кетган чўнтагидан бир еврони оларкан, ҳамон иккиланарди.

- Нимага бундай қиляпсиз? – сўради у кимса аёлдан. - Шундай ажойиб уйни нега кулгили нархда сотяпсиз?

- Бу ҳақда сизга гапирмасам ҳам бўларди, негаки, кўриб турганингиздай, бу ерда ҳеч қандай фирибгарлик йўқ, - жавоб қилди аёл. – Аммо айтишим жоиз: эрим ўлими олдидан васиятида уйимизни сотишимни ва пулини хушторининг ҳисобига ўтказиб беришимни айтганди. Марҳумнинг сўнгги истагини бажармаслигим мумкин эмас. Бироқ кундошимга кўмак беришни ҳам истамасдим. Шундай қилиб, уйни сотиш – муаммомни ечими бўлиб қолди. Уйни харид қилиш эса, бу - сизнинг муаммонгизни ҳал қилишдир.

Қиссадан ҳисса шуки, омад йўллари Яратганнинг марҳамати кабидир. Бу борлиқ оламнинг бойликлари беҳисоб ва Парвардигор сахийлик билан барчадан мурувватини дариғ тутмайди. Фақат муаммоларимиз шундаки, боримизни йўқотиб қўйишдан қўрқиб, орзу қилганларимизни олиш имкони юзага келганда, ундан кўп ҳолларда юз ўгирамиз.

А. Турғунов тайёрлади.