Андижон 24

БИЛИМЛАР СИНОВИ БОШЛАНДИ (+VIDEO)


05.08.2021   1692

5 август куни мамлакатимиздаги барча олий ўқув юртларида тест синовлари бошланди. Синовлар очиқ стадион ва хиёбонларда ўтказилиши белгиланган. Давлат комиссиясининг баёни билан пандемия шароитида абитуриентларга қулайлик яратиш мақсадида тест топшириқлари сони мақбуллаштирилиб, кириш тест синовларига жами 3 соат вақт ажратиладиган бўлди.

Андижон шаҳридаги Болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг очиқ спорт майдонларида синовлар юқори савияда ташкил қилинмоқда.Вилоят ҳокимлиги ва тегишли ташкилотчилар томонидан тест синовларини белгиланган меъёрлар асосида тартибли ва кўтаринкиликда ташкил этиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилган. Қизғин ҳозирлик яратилган шароитларда ҳам акс этяпти. Синовлар ўтадиган ҳудудлар керакли анжомлар билан жиҳозланган. Назоратчилар саволлар китоби, жавоблар варақаси, илова ва шаклларни қандай тўлдириш ҳақида яна бир бор эслатиб ўтдилар. Ижтимоий масофа сақлаган ҳолда ўриндиқларга жойлашган абитуриентлар ишонч билан жавоблар варақасини тўлдиришга киришдилар.

Давлат тест маркази вилояти бўлими етакчи мутахассиси Яҳёбек Қосимовнинг маълумот беришича,синовлар кунига икки сменада ўтказилади ва 1-смена 07:00 да, 2-смена 19:00 да бошланади Бир сменанинг ўзи 3 минг 330 нафар абитуриентни қамраб олади.Минерал сув, қуёш нуридан ҳимояловчи бош кийим, ручкалар тахт қилиб қўйилган. Синовларга фуқаролигини тасдиқловчи ҳужжат ва махсус рухсатномадан бошқа нарсалар, анжомлар олиб келган йигит-қизлар кириш ҳудудидан четлаштирилади.

2021\2022 ўқув йили учун Андижон давлат университети, тиббиёт,машинасозлик, қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар, иқтисодиёт ва қурилиш институтлари, шунингдек, АДУнинг бу йил фаолиятини бошлаган педагогика институтига жами 55 минг 555 нафар ёш ҳужжат топширди.

Қисқа фурсатлардан сўнг ғалвир сувдан кўтарилади. Албатта, билим ўз сўзини айтади.Ўқиб-ўрганиб,изланган, тенгдошларидан кучлилигини исботлай олган ёшлар талабаликнинг олтин даврларига йўл олади.

Билимини, зеҳнини синаш учун имтиҳондан ўтаётган йигит-қизларга омадлар тилаб, салоҳиятли ёшлар сафи кўпаяверсин, деймиз.

Гулжаҳон ЖАББОРОВА.

Сарварбек ЗУҲРИДДИНОВ олган суратлар.