Хорижда

«БИЛАЙН» БРЕНДИНИНГ ЭГАСИ ГРУЗИЯДАГИ БИЗНЕСИНИ 45 МЛН ДОЛЛАРГА СОТДИ


10.06.2022   427

Май ойи бошида Грузиянинг алоқа комиссияси Veon Georgia’ни хусусий тадбиркор Хвича Макацарияга сотишга рози бўлганди.

Vimpelcom («Билайн» бренди)га эгалик қилувчи Нидерландиянинг Veon компанияси ўзининг «собиқ маҳаллий ҳамкори» билан Грузиядаги бизнесини сотиш бўйича шартнома тузди. Бу ҳақда ҳолдинг матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, битим 45 миллион долларга баҳоланган.

У айнан ким «Билайн» бренди остида ҳам фаолият юритувчи Veon Georgia операторининг харидорига айланганига аниқлик киритмади.

Май ойи бошида Грузиянинг алоқа комиссияси Veon Georgia’ни хусусий тадбиркор Хвича Макацарияга сотишга рози бўлганди.

Комиссия ҳисоботида Макацариа ҳукуматдан 4 апрель куни Veon Georgia акцияларини сотиб олишни сўрагани таъкидланган.

Санкциялар таъсири

Февраль ойида Европа Иттифоқи Россиянинг Украинага ҳужумига жавобан Veon акцияларининг 47,85 фоизига эгалик қилувчи LetterOne инвестиция компанияси акциядорлари (37,86 фоиз ва 12,13 фоиз) — россиялик миллиардерлар Михаил Фридман ва Петр Авенга қарши санкциялар киритди.

Шундан сўнг Фридман Веон директорлар кенгашидан истеъфога чиқди.

Ҳолдингнинг ўзи эса Veon Европа Иттифоқи санкцияларига дучор эмаслигини таъкидлаб, LetterOne унинг назорат қилувчи акциядори эмаслиги ва Фридман ҳамда Авеннинг инвестиция компаниясидаги улуши 50 фоиздан кам эканини таъкидлади.