Андижон 24

Биласизми? LABO, ГАЗЕЛЬ ВА БОШҚА ЮК ТАШИШ УЧУН МЎЛЖАЛЛАНГАН АВТОТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИГА ҲАМ МАХСУС РУХСАТНОМА ТАЛАБ ҚИЛИНАДИМИ?


07.04.2020   2403

Давлат хизматлари агентлиги Андижон вилояти бошқармаси Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 30 мартдаги қарори билан автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатнома расмийлаштиришнинг вақтинчалик тартиби бўйича N1, N2 ва N3 тоифага кирувчи ҳамда мавсумий қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб берувчи М1 тоифадаги жисмоний шахсларга эслатма билан чиқди.

Автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатнома олиш мақсадида юрган фуқаролардан Давлат хизматлари агентлигининг ишонч телефон рақами ҳамда Агентлик ва ҳудудий бошқармаларнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига юзлаб турли мазмундаги мурожаатлар келиб тушмоқда. Саволларга мутахассислар томонидан қисқа фурсатларда тегишли тартибда жавоблар берилмоқда.

Мурожаат қилаётганлар орасида N1, N2 ва N3 тоифага кирувчи ҳамда мавсумий қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб берувчи М1 тоифадаги жисмоний шахслар ҳам бор. Ушбу фуқаролар ўзлари яшаётган ҳудудларда ҳаракатланаётганида вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари тўсиб, рухсатномаларни талаб қилаётганликларини, айри ҳолатларда жарима майдонларига олиб кириб қўйилаётганлигини билдиришмоқда.

“Шу сабабли фуқароларимизга Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 30 мартдаги қарори билан автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатнома расмийлаштиришнинг вақтинчалик тартибини яна бир бор эслатиб қўймоқчимиз.

Мазкур қарор билан махсус рухсатнома талаб этилмайдиган ҳолатлар рўйхати тасдиқланган бўлиб, ушбу рўйхатда N1, N2 ва N3 тоифага кирувчи ҳамда мавсумий қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб берувчи М1 тоифадаги жисмоний шахсларга тегишли шахсий автотранспорт воситалари ҳам киритилган.

Бироқ айрим фуқаролар автомашиналарининг ушбу тоифаларга тааллуқли ёки тааллуқли эмаслигини билишда қийинчиликка дуч келмоқда. Шу сабабли тоифаларнинг бир-биридан фарқли жиҳатларини тушунтириб ўтамиз.

Биринчидан, М ва N тоифадаги автотранспорт воситаларининг бир-биридан энг асосий фарқи М тоифадаги автомашиналар йўловчиларни ташиш учун, N тоифадаги автотранспорт воситалари эса юк ташиш учун мўлжалланган бўлади.

Иккинчидан, М тоифадаги автомашиналарнинг ўзи ҳам М1, М2, М3 тоифаларга бўлинади ва буларнинг бир-биридан энг асосий фарқи автомашинадаги ўриндиқлар сони ва автомашинанинг энг катта вазни ҳисобланади.

Учинчидан, N тоифадаги автомашиналар ҳам N1, N2, N3 тоифаларга ажратилади ва уларнинг бир-биридан энг асосий фарқи автомашинанинг энг катта вазни ҳисобланади.

Қуйида тоифаларнинг тавсифи билан танишинг:

1. М1 тоифаси – йўловчиларни ташиш учун фойдаланиладиган ва ҳайдовчининг ўриндиғидан ташқари ўриндиқлар сони 8 тадан ошмайдиган автотранспорт воситалари (оддий енгил автомашиналар). Мисол учун, Lасеtti, Spark, Damas, Malibu, Nexia ва ҳ.к.

2. М2 тоифаси – йўловчиларни ташиш учун фойдаланиладиган ва ҳайдовчининг ўриндиғидан ташқари ўриндиқлар сони 8 тадан ортиқ, энг катта вазни 5 т дан ортиқ бўлмаган автотранспорт воситалари. Мисол учун, минивен, микроавтобус.

3. М3 тоифаси – йўловчиларни ташиш учун фойдаланиладиган ва ҳайдовчининг ўриндиғидан ташқари ўриндиқлар сони 8 тадан ортиқ, энг катта вазни 5 т дан ортиқ бўлган автотранспорт воситалари. Буларга мисол қилиб автобусларни айтиш мумкин.

4. N1 тоифаси — юк ташиш учун мўлжалланган, энг катта вазни 3,5 т дан ошмайдиган автотранспорт воситалари. Мисол учун, транспорт тури юк ташувчи бўлган Damas Van, Labo, Газель, Mercedes-Benz Sprinter, Гуран автомашиналари.

5. N2 тоифаси – юк ташиш учун мўлжалланган, энг катта вазни 3,5 т дан ортиқ, лекин 12 т дан ошмайдиган автотранспорт воситалари. Масалан, Isuzu автофургонлари.

6. N3 тоифаси – юк ташиш учун мўлжалланган, энг катта вазни 12 т дан ортиқ бўлган автотранспорт воситалари. Масалан, давлатлараро юк ташувчи фургонлар.

Юқоридаги келтирилган тавсифлардан келиб чиқиб автомашинанинг қайси тоифага тааллуқли эканлигини қийинчиликсиз ажратиб олиш мумкин. Бунинг учун, транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномаси (техпаспорт)га назар ташлашнинг ўзи кифоя. Мазкур гувоҳномада транспорт воситасининг русуми, тури, вазни каби муҳим маълумотлар акс эттирилган бўлади.

Давлат хизматлари агентлиги Андижон вилояти бошқармаси ахборот хизмати.