Андижон 24

БЕШ ТАШАББУС: ГУЛЛАР БАЙРАМИ УЙҒУНЛИГИДА


03.06.2019   5321

Бугун Андижон гулу бўстонга айланди. Шаҳар марказидаги Алишер Навоий номли истироҳат боғида “Ободлик кўнгилдан бошланади” шиори остида гуллар байрами бошланди. Миришкор, меҳнаткаш, мард ва танти, меҳмондўст андижонликларни ўз бағрига олган боғу бўстонда куй-қўшиқлар, алёрлар янгради. Айниқса, “Биз Ўзбекистонни, Андижонни севамиз” шарлар гулдастаси мусаффо осмон узра кўтарилди.

Боғ кираверишидаги фаввора нафис куйлар оғушида кўкка бўй чўзди. Тантанага ташриф буюрган вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ҳамда вилоятимиз аҳлини “Андижоним” қўшиғи садолари остида келажагимиз эгалари бўлган жажжи кичкинтойлар, андижоннинг шерюрак ўғлонлари бошда дўппи, эгнида оқ яктак, белида қийиқ-миллий либосда кутиб олдилар. Фахримиз бўлган “Андижон полькаси”да уларнинг ғайрат-шижоати, чапдастлиги ўз ифодасини топди.

Эътиборимизни боғнинг кираверишидаги шеърият мулкининг султони, буюк мутафаккир Алишер Навоий хазратларининг ҳайкали ва унинг “Хамса” китобига жамланганбеш достони тортди. Турли ранглардаги гуллар билан ёзилгани ўзгача жилоланмоқда. Гўё муҳтарам Юртбошимиз томонидан илгари сурилган Ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича 5 та муҳим ташаббусида рамзий боғлиқлик мужассам. Ҳар икки давлат арбобининг мақсади фуқаролар тинчлиги, хотиржамлиги, бу борада ёшларни одоб-ахлоқли бўлишга, илм эгаллашга, меҳнат ва жасурликка, юртини севиш, ардоқлашга ўргатиш борасидаги ибратли ишларга етаклаши муштарак.

Вилоят маданият, спорт, халқ таълими, ўрта махсус касб-ҳунар коллежлари, мактабгача таълим муассасаси бошқармалари, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда олий ўқув юртлари томонидан кўргазмалар намойиш этилди.

Мактабгача таълим муассасси томонидан беш ташаббуснинг барчаси “Андижоннинг бахтли болажонлари” шиори остидаги алвонлар кўргазмасида ўз ифодасини топгандай. Йўлаклар вилоят халқ таълимининг фидойилари томонидан безатилди. Мустақиллигимиз рамзи-байроқ, герб, Конституция китоби нафис гуллар билан кўриниш олган. Шоҳ ва шоир Заҳирриддин Муҳаммад Бобур ҳайкали аловон гуллар билан безалган. Муҳаммад Юсуф сиймосида эл-юртимизни бирлашишга, фаровон турмуш ва бахтли онларни қадрига етишга “Халқ бўл, элим!” дея чорлаётгандай.Унинг китоблари ва Абдулла Қодирий асарлари кўргазмасида китобни севишга ундаш акс эттирилган. Турли қушларнинг майин сайрашларида хушнутликни туясиз, гуллар кўринишидаги ёввойи ҳайвонлар эътиборингизни тортади. Миллий мусиқа ва қадимий чолғу асбоблари, қадимий анъаналарни қамраб олган кўринишлар, суратлар, безаклар коллеж вакиллари томонидан тайёрланди.

Санъат йўналишида мусиқа мактаблари томонидан қадимий чолғу асбоблари, мусиқий созлар, “Андижон тарихи меъморий ёдгорликлари ва зиёратгоҳлари учун эсдалик совғалари” кўргазмаси намойиш этилди. Балиқчи туманидаги 9-умумтаълим, Андижон шаҳридаги 1-болалар мусиқа мактаби дуторчи қизлари томонидан таралган “Севинч”, “Куйла дуторим”, “Табассум”, “Чарос”, Равшанбек Хожиқулов раҳбарлигида янги ташкил қилинган “Намунали мақом ансамбли”нинг куйлари кўнгилларга сурур бағишлади.

Олтинкўл транспорт касб-ҳунар коллежи дюздо, Андижон олимпия заҳиралари мактаб-интернати ўқувчилари оғир атлетика спорт чиқишлари билан қатнашдилар.

- Набираларим билан айлангани чиқдик. Уларга давлатимиз томонидан яратилаётган шароитлар, беш ташаббуснинг моҳияти ҳақида гапириб бердим. Юртимизнинг тинчлиги, барқарорлиги, келажаги сизлар каби ёшлар қўлида, -дейди Светлана Осипова.


Андижон ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежи ўқувчилари томонидан яратилагн веб сайт, электрон дарсликлар, Ватан манзараларини акс эттирувчи видеороликлар компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланиш доирасида намойиш этилди. Серафим Петров “Андижон полькаси”ни янги, замонавий талқинини, Жасурбек Мамажонов эса “ақлли уй” концепциясини яратиб ўз иқтидорини намойиш этдилар.

- Бугунги байрамдан завқландим. Болаларимга бу каби байрамлар тинч ва осуда элга ярашади. Ёшларга яратилаётган шароитлар берилган имкониятлардан фойдаланиб илм излашларини, ўқиб ўрганишларини айтмоқдаман, - дейди асакалик Ақидахон ая Дадажонова.

Тантаналардавилоят кўп тармоқли болалар шифохонаси, вилоят болалар уйи, сил касалликлари санаторийси, қон қуйиш маркази, кардиология диспансери, онкология ва ДСЭН марказининг таббиёт ходимлари ҳам китоблар кўргазмаси билан намуна кўрсатдилар.

- Бугунги кун ёшлари ёниб яшамоқдалар. Буни бугунги тадбирда ҳам кузатиш мумкин. Иқтидорли, изланувчан ва янги-янги истеъдодлар кашф қилиняпти, уларга ҳавасим келади, -дейди фахрий санъаткор Маннон Ҳамидов.

Вилоятимизнинг ҳар бир туманидан келган гулчилар ўз меҳнат маҳсулларини намойиш қилдилар. Шаҳрихонлик Махсудахон ая Ўсарова шогирдлари билан гул савдосини ташкил қилди. Меҳмонларнинг ҳар 3 нафаридан бири уйларига қўлида гул билан қайтган бўлса, ажаб эмас.

- Гулчилик билан 1992 йилдан буён шуғулланаман, -дейди Андижон тумани, Қўшариқ маҳалласидан Азимжон Долимов. – Бунга оғир хасталикка учраб гул жозибаси-“гул терапияси” орқали соғайиб кетганим сабаб бўлди. Ҳозирда 3,5 сотихли иссиқхонада 40 турдаги ноёб турларини етиштирмоқдаман. Сурхандарё, Қашқадарё, Қўқон ва бошқа ҳудудлардан харидорлар келишмоқда.

Гул байрами тантаналари давом этмоқда.

«auz.uz» online гуруҳи.