Иқтисодиёт

Бензиннинг арзони ўзимизда экан!


18.01.2018   116

Баъзи давраларга, айниқса автомобиль ҳайдовчиларнинг даврасига кириб қолгудай бўлсангиз бензин нархининг ошиб кетганидан нолишга тушишади. Киракашлари эса ёнилғига сарфлаган “ортиқча чиқими”ни йўловчилар зиммасига юклашади: “ Ўҳҳў, бензин қимматлашган, энди йўлкира ҳам шунга яраша бўлади!” Йўловчилар ҳар қанча эътироз билдирмасин ҳайдовчи қайсарлик қилиб тураверади – айтган пулини олади.

Бу ўринда ҳақли савол туғилади: бизда бензин нархи нима сабабдан ошди?

Эксперт Акмал Абдураимовнинг ЎзА мухбирига билдиришича, барчани қизиқтирган бензин баҳоси нархлар ошганидан сўнг – 0,52 АҚШ доллари эквивалентида ташкил этаяпти. Ҳозирги нархлар маҳаллий нефтни қайта ишлаш заводлари фаолиятининг энг кам даражадаги иқтисодий фойдалилигини таъминлаш учунгина етарли. Бензин нархлари кўп йиллар мобайнида жуда паст даражада сақланиб келган, яъни қўшниларимиз бозорларида шакллантирилган нархига тўғри келмаслиги, уни четга олиб кетилишига сабаб бўлган. Нефтни қайта ишлаш корхоналарининг зарарлари эса давлат бюджети ҳисобидан қоплаб келинган. Бунинг ўзига яраша иқтисодий ва ижтимоий сабаблари бўлган.


Ҳозирги кунда фақатгина Туркманистонда бензин нархи республикамиздагидан пастроқ - бир литри 0,28 АҚШ долларига тенг. Қозоғистонда - 0,54 долл., Қирғизистонда - 0,62 долл., Россияда - 0,69 долл., Тожикистонда - 0,75 долл. Ривожланган мамлакатларда бензин нархи биздагидан кўра камида 3 баробар баланд. Масалан, Германияда - 1,61, Буюк Британияда - 1,62, Италияда - 1,83 АҚШ долларни ташкил қилади.