Спорт

Белбоғли кураш: ХЎЖАОБОДДА ЁШ ПОЛВОНЛАР БЕЛЛАШМОҚДА


28.03.2019   866

Хўжаобод туманидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабида 2003-2004 йилларда туғилган ўғил болалар ва қизлар ўртасида миллий белбоғли курашнинг белбоғли кураш ва эркин йўналишлари бўйича Ўзбекистон кубогига старт берилди. Ўзига хос спорт байрамига айланган тадбирнинг очилиш маросими катта тантанага айланди. Унда сўз олган Хўжаобод тумани ҳокими О.Расулов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати М. Дадаходжаева, Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши раиси ўринбосари М.Мусаева ҳамда Ўзбекистон миллий белбоғли кураш федерацияси раиси Р. Дастировлар мусобақа иштирокчиларини табриклаб, уларга омад тиладилар.

Ўзбекистон миллий белбоғли кураш федерацияси ва Ўзбекистон “Адолат” СДП ташаббуси билан ўтказилаётган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан келган 250 нафарга яқин ёш полвонлар ғолиблик учун куч синашишмоқда. Уч кун давомида ўғил болалар ҳар иккала йўналишда 11 та вазн тоифасида, қизлар эса 7 та вазн тоифасида беллашишади.

Мазкур тадбирни Хўжаобод туманида ўтказилиши бежиз эмас. Туманда спортнинг бу турини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. 2017-2019 йилларда 18 нафар хўжаободлик ёш полвонлар ғолибликни эгаллади, 5 нафари Осиё ва Евроосиё халқаро турнирларида юртимиз шарафини ҳимоя қилди. 2018 йилнинг декабръ ойида Қозон шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатида Саиджаҳон Саидкамолов Жаҳон чемпиони унвонига сазовор бўлди.

Дастлабки босқичларда ғолибликни эгаллаган полвонлар ўртасидаги беллашувларда андижонлик ўғил-қизлар ўзларининг кучлилигини кўрсатмоқда.

Акбаржон НАЗАРОВ.

Рустамжон ЭШОНОВ олган сурат.