ЖАМИЯТ

БЕКТОШ РАҲИМОВ ЭЪЗОЗЛАГАН МУХБИР


07.07.2020   743

Ўтган асрнинг 70-йиллари. Собиқ Совет Иттифоқи пойтахти Москва шаҳрида катта сиёсий йиғин ўтказилмоқда. Ўзбекистон делегацияси таркибида Андижон вилоятининг ўша кезлардаги биринчи раҳбари Бектош Раҳимов ҳам бор. Улкан мамлакатнинг етакчи нашри “Правда” газетасида анжуманга аталган саҳифа тайёрланиб, унда Андижон вилоятидан фотолавҳа ҳам ўрин олди. Суратли мақола муаллифи ТАСС-ЎзТАГнинг мухбири Рашид Ашуров эди.

Бектош Раҳимов лавҳа билан танишгач, Кремлдаги съездлар саройида туриб Андижонга қўнғироқ қилди ва муаллифга анжумандан қайтгач, албатта учрашишини таъкидлади. Шундай бўлди ҳам. Аэропортда кутиб олувчи амалдорлар бисёр. Аммо Бектош ака аввало журналист билан самимий қўл олишгач, мақола учун миннатдорлик билдирди.

Яна бир ойдан сўнг ўзининг 91 ёшини нишонлайдиган Рашид ака Ашуров фаолиятида бундай эсда қоларли воқеалар кўп бўлган.

Газетага иштиёқи баланд ҳайдовчи

Ҳа, маҳоратли фототасвир устаси газетачиликка таксомотор паркидан кириб келди. Ҳарбийликни Украинада ўтаган йигит уч йил давомида армия штабида генерал-майорнинг хизмат машинасини бошқарганди. Бўш вақт топилди, дегунча аскар илм излаш, ҳунар эгаллашга интиларди. Бу фазилати кейинчалик ҳам асқотди.

Уйга қайтгач, Андижондаги таксилар саройига ишга кирди. Газета ўқиш, китоб мутолааси туфайли “Андижанская правда” саҳифаларидаги мақолаларни кузатиб борди, қаламкашлар билан дўст тутинди. Нияти кетган эканми, икки йил деганда газета таҳририятига ҳайдовчи сифатида қабул қилинди.

- Янги хизмат машинаси учун ҳайдовчи танловида улоқ менга насиб этди, - хотирлайди Рашид ака. – Сурат олиш сирларини иштиёқ билан эгалладим. Тез орада чамбаракни фотокамерага алмаштирдим.

Амалиётда чархланиб бораётган малакага Андижон педагогика институтининг дипломини қўшиб қўйди. Рашид Ашуров турмуш ўртоғи педагог Нафисахон аянинг маслаҳати билан сиртдан ўқишга кириб, олийгоҳни муваффақиятли тамомлади.

Илк фармацевт фарзанди

...Бўлғувси фотомухбир 1929 йилнинг 10 сентябрь санасида таваллуд топди. Падари бузруквори Абдуллажон ота Ашуров Андижондаги биринчи фармацевт бўлган. Истиқлол (собиқ Ленин) кўчасида хали-хануз у кишининг дорихонаси сақланиб туради.

-Ўн йилдан буён шу дорихонада ишлайман, -дейди Ҳимоятхон Носирова. - Фахрийларнинг эслашларича, ўз вақтида жамоада 40 дан зиёд фармацевт ва ходим меҳнат қилган экан. Халқ табобати асосида томчи ва суртма дорилар тайёрланган.

Кейинчалик дорихоналар бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган Абдуллавжон ота соҳани ривожлантиришга катта ҳисса қўшди. Шаҳардаги кўчаларнинг бири бежизга А.Ашуров шарафига номланмаган.

-Йўғон чўзилиб, ингичка узилган уруш йилларида ёш бола эдим,-эслайди Рашид Абдуллаевич. – Оиланинг ишловчи аъзоларига бир кеча-кундуз меъёри - 900 граммдан, ишламайдиганига - 600 граммадан нон бериларди. Карточка орқали уни олиш учун тунги 3 да навбатга турардик. Пойабзал тақчил. Ёз бўлса-ю, бир нави – яланг юрасиз. Қиш қаҳратонида оёққа ўраб-чирмалган латта-путта тезда заҳлаб, йиртилиб кетарди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Ўша даврларда Андижон таркибига ҳозирги Наманган вилояти ҳудуди ҳам кирарди. Рашид ака Наманганнинг олис туманлари, қишлоқларидан жонли фторепортажлар, кун нафаси уфуриб турган лавҳалар тайёрлади. Унинг журналистик асарлари нафақат “Андижанская правда” газетасида, балки Ўзбекистон телеграф агентлиги, Совет Иттифоқи телеграф агентлиги орқали бутун мамлакат матбуоти ва хорижий нашрларда бўй кўрсатди. Бўзни ўзлаштириш, Андижон сув омборининг қурилиши, йирик ишлаб чиқариш корхоналарининг очилиши, замон қаҳрамонлари суратларига чизгилар...

Олтмишга чиққач, йўлни ёшларга бўшатиш вақти келди. Ўша давр таомилига кўра Р.Ашуров мавқеидаги журналист аризасига вилоят раҳбари имзо қўйярди.

-Пенсияга нимани елкалаб кетяпсиз, нима орттирдингиз? - хазил аралаш савол берди Бектош Раҳимов.

-Қуруқ келдимми, қуруқ кетмоқдаман. Қўлимдаги манави фотоаппаратни топширсам бўлди, - жавоб берди фотомухбир.

-Аризангизни уч кундан сўнг олиб келинг, - дея вилоят раҳбари истеъфосини қабул қилмади.

Бектош Раҳимов фотомухбирни “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” унвонига тавсия қилди. Мукофот эгасини топгач, аризасига имзо қўйди.

Ҳалолликда ҳикмат кўп

Андижон шаҳри, Ал Бухорий маҳалласи, Ойбек кўчасидаги 2-уй. Катта оила ардоғидаги Рашид ака турмуш ўртоғи Нафисахон ая билан умргузаронлик қилмоқда. Ўғли Равшанбек радиотелевизион узатиш марказида муҳандислик қилиб, нафақага чиққан. Қизи Гулнорахоннинг касби педиатр. Ҳозирда Тошкентда яшайди. Боғчада тарбиячи бўлиб ишлаган кенжа қизи Дилфузахон ҳам кунора хабар олиб туради. Дарвоқе, Гулнорахоннинг турмуш ўртоғи Фарруҳбек Расулов қайнотаси изидан бориб, республика телевидениесида самарали меҳнат қилди.

Набиралари, чевараларига “Ҳалолликда ҳикмат кўп”, дея насиҳат қилишдан чарчамайдиган кекса журналистнинг бугунги фароғатли ҳаёти бунинг яққол исботи. Табиатан хазил-мутоибага мойил Рашид ака тўқсон бир ёшида ҳам тетик кўринади. Кенг феъл, кектмас давлат, деб шуни айтсалар керак.

Назиржон Саидов,

Саидаҳмад Шукуров.

Суратларда: Рашид ака ва турмуш ўртоғи Нафисахон ая; Андижон шаҳри, Истиқлол кўчасидаги Абдуллажон Ашуров ташкил этган 1-дорихона; дорихона ходими Ҳимоятхон Носирова.

Х.Араббоев олган суратлар.