Андижон 24

БЕБАҲО БОЙЛИГИМИЗ БОР БЎЛСИН!


07.04.2021   636

Кўпларга маълум, 1948 йилнинг 7 апрелида инсон саломатлиги билан боғлиқ барча масалаларни халқаро даражада ҳал қилиш учун Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ташкил этилган. 1950 йилдан бошлаб мазкур сана Жаҳонсоғлиқни сақлаш куни сифатида нишонланадиган бўлди.

Жумладан, юртимизда ҳам ҳар йили 7 апрель арафасида кенг кўламда саломатлик ҳафталиги ўтказилади. Бу наинки байрам, балки аҳолининг саломатлиги ва соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммоларга халқаро жамоатчиликнинг эътиборини тортиш, соҳадаги ютуқ-камчиликлар сарҳисоб қилинадиган сана сифатида ҳам алоҳида аҳамиятга эга.

Вилоятимизда жорий йилда ташкил этилган саломатлик ҳафталиги қатор ўзгаришларга бой бўлганлигини, шунинг баробарида, фаол юртдошларимиз, жамоатчилик вакилларининг ҳам мазкур саъй-ҳаракатлар борасидаги дунёқараш ва муносабати бир поғона юксалганини эътироф этиш даркор.

Таъкидлаш жоиз, Президентимизнинг шу йил 25 мартдаги “Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйлари тизимини янада ривожлантириш тўғрисида”ги Фармони ҳамда шу йил 25 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори айни соҳа билан боғлиқ жараёнларни янги босқичга кўтариши билан катта аҳамиятга эга.

Мазкур ҳужжатлар ижроси доирасида вилоят тиббий-ижтимоий хизматлар бўлими ташаббуси билан Андижон шаҳрида Жаҳон соғлиқни сақлаш кунига бағишланган тадбир ташкил этилди. Унга юздан зиёд пенсионерлар, ногиронлиги бор ҳамюртларимиз таклиф этилдилар.

Тадбирда вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирок этиб, мамлакат миқёсида, жумладан, Андижонда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий хизмат сифатини ошириш йўлида олиб борилаётган кенг кўламли саъй-ҳаракатлар хусусида тўхталди. Вилоятда айни йўналишга дохил режа ҳамда вазифалар ижроси барқарор ва бардавом бўлиши таъкидланди.

Тадбирда шаҳар ва туман тиббий-ижтимоий хизматлар шўъбалари рўйхатида турган юртдошларимизнинг 50 нафарига саломатликларини тиклабкелишлари учун санаторийларга йўлланма,50 нафарига ногиронлар аравачалари, яна 20 кишига эшитиш мосламалари тақдим этилди.

Юртдошларимизни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш, тажрибали профессорлар, малакали шифокорлар ҳамда аҳоли ўртасида касалликларнинг олдини олишга қаратилган мулоқотлар қилиш, зарур тавсиялар бериш каби яхши анъаналар бу гал ҳам эътибор марказида бўлди. Айниқса, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг малакали мутахассиси, онкопроктолог Хуршид Исломовнинг Андижонга келиб, мураккаб онкологик касалларни консультация қилганлиги, маҳорат дарслари ташкил этганлиги барчага маъқул бўлди.

Замонавий тиббиётнинг пешқадам вакиллари ҳам ҳудудларда бўлиб, дастурдоирасида эзгу ҳаракат-ларга муносиб улуш қўшишди.

Айтайлик, Андижон давлат тиббиёт институти ректори М. Мадазимов бошчилигида 25 нафар етакчи мутахассис Жалақудуқ тумани тиббиёт бирлашмасининг кўп тармоқли марказий поликлиникасининг ички касалликлар ва болалар бўлими, Ёрқишлоқ ҳамда Ойим бўлимлари ўрамига кирувчи 200 нафардан зиёд аҳолига чуқурлаштирилган тиббий кўрик ўтказди. Жараён давомида 93 нафар фуқаро ЭКГ, 18 нафари биокимёвий лаборатория, 72 нафари клиник лаборатория, 95 нафари УТТ текширувларига жалб этилди. Шунингдек, икки беморнинг хонадонига бориб, ҳолидан хабар олинган бўлса, яна икки нафарида мураккаб жарроҳлик амалиёти муваффақиятли рўёбга чиқарилди. Қайд этиш ўринлики, бу беморларнинг 95 нафари “Темир дафтар”га, 67 нафари эса “Аёллар дафтари”га киритилганҳамюртларимиздир.

Албатта, саломатликни мустаҳкамлаш, хасталикларга чалинмасликнинг бирламчи мезони соғлом турмуш тарзига қатъий риоя этиш, жумладан, жисмоний фаоллик, спортга эътибор каби жиҳатлар билан узвий боғлиқ. Шу маънода бу йилги дастурлар доирасида меҳнат жамоаларида, таълим муассасаларида спорт машғулотларини оммалаштиришга катта эътибор қаратилди. Бу борада Избоскан ва Балиқчи туманлари халқ таълими бўлимларига қарашли умумий ўрта таълим мактаблари директорлари, ўқитувчи ва ўқувчиларнинг ота-оналари алоҳида ибрат бўлиб, мини-футбол, волейбол, стол тенниси, шахмат, қувноқ стартлар спорт мусобақаларида фаоллик кўрсатишгани эътирофга лойиқ.

Дунёни бир қалқитган пандемия халқимизни ҳам катта синовдан ўтказди, дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Муфаззалшо Муҳаммадиев. – Намунали тиббий хизмат йўлга қў-йилганлиги, энг муҳими, юртдошларимизнинг бирдамлиги ва айни жараёнда мутахассислар тавсияларига жиддий эътибор қаратганлиги эвазига қийинчиликларни енгиб ўтдик. Ҳар ишда ҳикмат бўлгани каби, карантин даврида шифокор ва ҳамшираларнинг билими, кўникма ва малакаси бир неча карра ошди, турли вазиятларда қўлланиладиган замонавий тажрибалар ўзлаштирилди. Шу маънода Жаҳон соғлиқни сақлаш куни арафасида ташкил этилган илмий-амалий семинар-тренингларда оила шифокорларининг ўз ҳудудлари бўйича фикрлари, сифатли тиббий хизматни ташкил этишда эътиборга лойиқ жиҳатлар ҳақидаги мунозараларга алоҳида урғу берилди.

Ҳафталик доирасида режалаштирилган самарали ва хайрли ишлар давом этмоқда. Зотан, саломатликпосбонларининг бу каби саъй-ҳаракатлари бардавом ва барқарордир.

Ўз мухбиримиз.