Бугуннинг гапи

Беайб фақат kun.uz эмас-ку, ахир!


30.04.2019   18945

Андижонда Муҳаммад Юсуф таваллуд кунини хавфсиз ўтказишнинг режаси бўлганми ўзи?” мақоласини ўқиб...

Бироқ, кўнглим сезар,

Мендан кейин ҳам,

Бир кун бу ҳовлига

Одам тўлади.

Муҳаммад Юсуфнинг бу башоратомуз сатрлари Пушкиннинг “Памятник” шеърига ҳамоҳанг:

Я памятник себе воздвигнерукотворный,

К нему не зарастет народная тропа,

Вознесся выше он главою непокорной.

Александрийского столпа.

Яъни, ҳамюртимиз ҳудди Пушкин каби ҳаётлигидаёқ ўзига ҳайкал қўйиб кетдики, уни тавоф этишга Шеърият шайдолари доимо интиладилар.

Дарҳақиқат, Марҳамат тумани, Қовунчи маҳалласидаги Муҳаммад Юсуф туғилиб ўсган хонадон, мана 18 йилдирки, кўклам фаслида одамлар билан гавжум бўлади. Шоир иҳлосмандлари оқими унинг таваллуд айёми - 26 апрель (kun.uz да кўрсатилганидек, 27 апрелда эмас) санасидан аввалроқ кузатилади.

Бу сафар ҳам шундай бўлди. Айнан 26 апрелда Ҳизрариқ ёнидаги ҳовли Қирғизистоннинг Ўш шаҳридан, ўзимизнинг Бухорои шарифдан, Қорақалпоқ элининг Элликқалъасидан, Тожикистоннинг Душанбесидан ташриф буюганлар билантўлиб-тошди. Атрофдаги кентлардан келганларни-ку айтмай қўя қолайлик.

Ёши, миллати, касб-кори, насл-насабидан қатъи назар, уларнинг барини сўз ва шеър сеҳри бирлаштирди. Саломлашиш, танишиш, фикр алмашиш ҳам Муҳаммад аканинг қуйма сатрлари ила бошланарди. Табиий тарзда шаклланган шу бетакрор илҳом чашмасига чулғанган кўйи ҳаёлимга бир фикр келди: севимли шоиримиз таваллуд айёмини Шеърият куни, деб эълон қилса ҳам бўлар экан. Зотан, ўз хоҳиши билан минглаб чақирим йўл босиб келган 20 минг мухлисни яна қайси санада, қайси маконда тўплаш мумкин?! Таъбир жоиз бўлса, айтган бўлардим:

Шоирлар ҳар жойда бор,

Бизда бори қайда бор?!

Муҳамммад Юсуф ҳар қандай расмиятчиликни ёқтирмас, барчаси содда, табиий бўлишини истар эди. Шу боис, унинг таваллуд айёми ҳам бирон-бир чеклашлардан ҳоли ўтиши одат тусига кирган. Аммо бу дегани Андижонда Муҳаммад Юсуф таваллуд кунини хавфсиз ўтказишнинг режаси бўлганми ўзи?, қабилидаги саволлар келтириб чиқармаслиги керак. Зеро, фалокат оёқ остида. Режага кўра мартабали меҳмонлар учун учта автобус ажратилиб, махсус автомашиналар кузатувида ҳаракатланиши керак эди. Аслида бундай бўлмади. Беайб фақат kun.uz эмас-ку, ахир?!

Автотўқнашувга дуч келганларга ҳам қойил қолиш керак. Ўзлари стресс ҳолатидаю, мезбонларни ҳижолат қилганларидан ҳижолатда. Палатада гурунглашиб ўтирибмизу, яна Муҳаммад акага юзланамиз:

Шундай беморлар борки,

Тўшакка миҳланиб ётар бенажот,

Уялиб кетасан тузалганингдан.

Шундай шифокорлар борки,

Туғишган акангдай қарайди сенга,

Тузалиб кетасан уялганингдан.

Очиғини айтсам, шу ҳодиса туфайли сўз усталаридан таржима назарияси бўйича маҳорат сабоғини олдим. Учрашувимиз нимаики юз бермасин, яхшиликка, деган хулоса билан хотима топди.

Ҳаёлдан ўтган яна бир фикр: воқеа гувоҳи бўлмай туриб уни қаламга олишга шошилмайлик, ҳамкасблар.

Ҳурмат билан, Саидаҳмад ШУКУРОВ.