Андижон 24

БАЙРОҒИМИЗ ДОИМ «ПАРВОЗДА»


18.11.2020   985

Давлат байроғи–мамлакат давлат суверенитетининг рамзи ҳисобланиб, у дунё бўйлаб мустақил Ўзбекистон давлати борлигини англатади. Ўзида бутун халқининг асрий орзу-истаклари, халқимизга хос меҳмондўстликни мужассам этган. Миллий байроғимизнинг давлат идора ва муассасалари, Ўзбекистон аъзо бўлган халқаро ташкилотлар, чет эллардаги элчихона ва доимий ваколатхоналаримиз пештоқида ҳилпираб туриши, турли байрам ва тантаналарда, мамлакатимиз вакиллари қатнашаётган халқаро миқёсдаги сиёсий, маданий-маърифий тадбирларда, нуфузли спорт мусобақаларида Ватанимизнинг шаъни, халқимизнинг ғурурини ёрқин акс эттириши барчамизга ифтихор бахш этади. Авиокомпаниялар орқали баланд “парвози” Ўзбекистонни жаҳон майдонида ўз ўрнига эга эканлигининг ифодасидир.

Давлат рамзлари ҳар бир мамлакатнинг мустақиллигини ифодаловчи муқаддас белгидир. Шу маънода республикамиз давлат рамзлари халқимизнинг шон-шарафи, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассам этиб, тинч ва осойишта, озод ва эркин ҳаётимиз, ёруғ келажагимизга бўлган ишончимиз тасдиғидир. Қолаверса. давлат байроғидаги рамзлар Ўзбекистон сарҳадида қадимда мавжуд бўлган давлатлар билан тарихан боғлиқликни ҳамда юртимиз ҳудудида яшовчи миллат ва элатларнинг анъаналарини ўзида мужассамлаштирган.

Давлат рамзлари ҳамиша муқаддас ва улуғ саналади. Чунки у халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажагини ўзида мужассам этган Ватаннинг ёрқин тимсолидир. Жаҳоннинг қайси мамлакатида бўлманг, ғуруримиз бўлган бу байроқ она юрт нафасини димоққа уради, суюкли Ватанни ёдга солади.

Бир сўз билан айтганда, мустақил давлатимиз байроғи тинч ва осойишта, озод ҳамда эркин ҳаётимиз, ёруғ келажагимизга бўлган ишончимиз тимсолидир. Давлат рамзларининг муқаддаслигини, улар бизга юрт манфаати ҳар нарсадан устунлигини эслатиб туришини ҳар биримиз ёдда тутишимиз шарт. Байроғимизнинг баландлиги юртимизнинг обрў-нуфузи юксаклигидан далолат. Шу сабаб қадримиз тимсолини бошимиз узра баланд кўтарайлик. Зеро, давлат байроғига бўлган ҳурмат – халққа, Ватанга бўлган эҳтиром белгисидир.

Мадаминжон МАДАЗИМОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши раиси.