Бугуннинг гапи

Байрам нафаси: ҲАРБИЙ ҚИСМДА СУМАЛАК ПИШИРИЛДИ


25.03.2019   205

Омадбек Турсунов марҳаматдан. Ўтган йили ички ишлар вазирлиги Халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинига қарашли қисмда муддатли ҳарбий хизматни бошлаган эди. Кўз очиб юмгунча бир йил ҳам ўтиб кетди.

- Бу вақт ичида интизом, жанговор қуроллардан фойдаланиш, меҳр-оқибатни ўргандим, дўстлар орттирдим, - дейди Омадбек. - Ёшлигимдан ҳарбий бўлишни орзу қилардим. Қисмда ўқишга тайёргарлик кўрдим ва хизматдан сўнг фанларни ўзлаштиришни давом эттираман. Учувчи бўлиш учун омадимни синаб кўраман.

Ҳар бир байрам алоҳида тайёргарлик билан ўтади. Наврўзи олам муносабати билан сумалак пиширилиб, дастурхон тузалди. Куй, қўшиқлар, хазил-мутойибалар барчага кўтаринки кайфият бахш этди. Олтинкўллик Шоядбек Абдуллаев яқинда хизматни бошлади.

- Туғилиб ўсган вилоятимда хизмат қиламан, деб ўйламаган эдим, -деди у. - Баҳор байрами муносабати билан тадбир ўтказиляпти. Сумалак тарқатилди. Командирларим билмаганларимни ўргатишяпти. Биздан машғулотларда қунт билан иштирок этиш, озодалик, тартиб-қоидаларга амал қилиш талаб этилади. Бирлашган техника мактабида олган кўникмаларим фойда беряпти.

- Хизматни бошлаганимга 13 йил бўлди, - суҳбатимизга қўшилди гуруҳ командири, катта сержант Шуҳратбек Раҳмонов. – Қисмимизда ёшларни ҳақиқий аскар қилиб тарбиялаймиз. Кўплари муддатли хизматдан сўнг ҳарбийликни давом эттириш истагида бўладилар. Бизга, ёш аскарларга етарли шароитлар яратилган. Шунга муносиб равишда Ватанимиз тинчлиги йўлида меҳнатимизни аямаймиз.

Эгамназар АБДУЛБОҚИЕВ.

Суратларда: Ҳарбий қисмда сумалака тайёрланяпти. Гуруҳ командири Шуҳратбек Раҳмонов оддий аскарлар Омадбек Турсунов ва Шоядбек Абдуллаевлар билан.