Андижон 24

БАЙРАМ ДАСТУРХОНИГА АРЗОН ВА СИФАТЛИ МАҲСУЛОТЛАРНИ ҲУДУДЛАРДА ТАШКИЛ ЭТИЛГАН ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ЯРМАРКАЛАРИДАН ҲАРИД ҚИЛИНГ


28.08.2019   1027

Мустақиллигимизнинг йигирма саккиз йиллик байрами муносабати билан аҳоли дастурхонига сифатли ва янада арзон нархларда озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш мақсадида вилоят ҳокимлиги ташаббуси Андижон шаҳрининг 12 та энг гавжум, шунингдек шаҳар ва туманлар марказларида арзонлаштирилган озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдо ярмаркалари ташкил этилди.

Вилоятдаги фермер хўжаликлари, паррандачилик фабрикалари, агрофирмалар бириктирилган мазкур ярмаркаларда гўшт, балиқ, тухум, асал, шунингдек, ўттиз олти хил қишлоқ хўжалик маҳсулотлари арзон нархларда сотилмоқда. Бундан ташқари, намунали хизмат кўрсатилиши, пластик карталар орқали ҳам савдоларнинг йўлга қўйилган. Харидорларга кўрсатилаётган хизматлар кўламини янада кенгайтириш мақсадида жойларда турғун савдо расталари ташкил этилиб, байрамона безатилди.

Мазкур ярмаркаларда мол гўштининг 1 килограмми учун 35 мингдан 39 минг сўмгача миқдоридан нарх белгиланган бўлса, тухумнинг донасини 350 сўмдан харид қилиш мумкин. Гуручлар 7 мингдан 15 мингача, полиз маҳсулотларидан картошка 1500 сўмдан, пиёз 1200 сўм, сабзи 1600 сўм, карамни ҳар килограммини 1400 сўмдан сотиб олиш мумкин. Меваларнинг нархи ҳам бозорларга нисбатан анча арзон нархда белгиланган. Оқ узум учун 2 минг, қораси учун эса 1 500 сўм нарх қўйилган. Тарвузни килограмми 1000 сўмдан, қовунни бир килоси эса 1500 сўм қилиб белгиланган.

Ярмаркалар шу йилнинг 5 сентябрига қадар давом этади.