Спорт

Баркамол авлод – 2017: Жиззахга жўнаб кетдилар


24.05.2017   1797

25 май куни Жиззах вилоятида «Баркамол авлод» спорт ўйинлари республика босқичи старт олади. Мазкур мусобақаларда вилоятимиз вакиллари спортнинг 15 тури бўйича баҳс олиб борадилар. Бугун Андижон Олимпия захиралари коллежининг фойесида Жиззахга жўнаб кетаётган 82 нафар спортчи, шунингдек мураббий ва мутахассисларни тантанали кузатиш маросими бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов ёш спортчиларга табрик сўзида мамлакатимизнинг турли соҳаларда, шу жумладан спортда эришаётган улкан ютуқлари ва бунга андижонликларнинг салмоқли ҳисса қўшаётганлиги ҳақида тўхталди. Спорт юлдузларини кашф этилишида мамлакатимизда йўлга қўйилган уч босқичли тизим – «Умид ниҳоллари», «Баркамол авлод» ва «Универсиада» ўйинлари муҳим омил бўлмоқда.

Андижонлик боксчилар, курашчилар, қиличбозлар, сув спорти маликаларининг таърифи аллақачон дунёнинг чор тарафига тарқалган. Олимпияда чемпионлари Муҳаммадқодир Абдуллаев, Руслан Нуриддинов, Ҳасанбой Дўстматов, XV Паралимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорлари Фирдавс Мусабеков, Муслима Одилова, Шоҳсанам Тошпўлатова, жаҳон чемпионлари Ислом Азимов, Вадим Скороваров, Хусниддин Рўзиев каби атлетларимиз эришаётган оламшумул ютуқлар қалбимизга фахр ва ифтихор бағишлайди.

«Эртанги кун бизники, марра бизники» шиори остида «Баркамол авлод-2017» спорт ўйинларида янги зафарларни қўлга киритишингизга ишонаман. Омад ёр бўлсин!

Шундан сўнг сўзга чиққан спортчилар, мураббийлар Жиззахдаги мусобақаларда вилоятимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишларини билдирдилар. Шу куни андижонлик ёшлар ва уларнинг мураббийлари поездда манзил томон йўл олдилар.

Суратларда: «Баркамол авлод-2017» спорт ўйинлари республика босқичида вилоятимиз шарафини ҳимоя қилувчи ёшларни Жиззах шаҳрига кузатиш тантаналаридан лавҳалар.

Тўлқин Сиддиқ,

Рустамжон Эшонов.

«AUZ» online гуруҳи аъзолари.