Хорижда

Баракалла, Горбачёв!


22.01.2018   300

Приморье ўлкаси Раздольное посёлкасидаги 2-ўрта мактабнинг 7-синф ўқувчиси Станислав Горбачев эрталаб темирйўл бекати яқинида ерда ётган одамни кўриб қолди. У ночор аҳволда бўлиб, ўрнидан қимирлай олмай, ёрдам сўрарди. Ўн уч ёшли Станислав дарҳол кўмакка отланди. Деярли музлаб қолиш ҳолатига тушган одамни бағрига босиб, судраганча бекатга олиб келди, скамейкага ўтқазиб қўйди. Шундан кейин полицияга ва “Тез ёрдам”га хабар берди. Шифокорлар етиб келгунга қадар жабрланган кимсага имкон қадар биринчи ёрдамни кўрсатишга интилди, - деб хабар берди Россия ИИВ Узоқ Шарқ федерал округи бўйича транспорт бошқармаси матбуот хизмати.

Транспорт полицияси раҳбарияти оёқ-қўллари қаттиқ музлаб қолган 31 ёшли эркакни қутқариб қолган кичкина ҳалоскорга миннатдорлик билдириб, унга тантанали равишда эсдалик совғасини топширди. Унинг яқинлари ҳам рағбатдан четда қолишмади. Станиславни ёлғиз ўзи вояга етказаётган бувиси Людмила Горбачева ҳамда синф раҳбари Евгений Рискалга мутасаддилар миннатдорлик билдиришди ва ёрлиқ билан тақдирлашди.

Тиббиётчилар темир йўл ёқасидан топилган эркакни “организмни умумий совуқ уруши” ташҳиси остида даволашмоқда. Айтилишича, эндиликда унинг ҳаёти ва соғлиғига ҳеч нарса хавф солмаяпти.