Андижон 24

«БАНК МИЖОЗ УЧУН» ШИОРИГА БУГУН АМАЛ ҚИЛИНМАСА, ҚАЧОН АМАЛ ҚИЛИНАДИ?


23.04.2020   2967

Айни кунда уйда қолиб ўзимизни қолаверса, атрофимиздаги узоқ-яқинларимизни коронавирус офатидан асраш каттаю кичикнинг фикру хаёлини банд этган. Ушбу мақсадда болалар боғчасидан тортиб олий ўқув юртларигача бўлган таълим масканларида машғулотлар тўхтатилди. Эртаю кеч оммавий ахборот воситаларида уйда қолинг, дея бонг уриляпти.

Лекин кеча эрталаб Андижон вилоятининг Избоскан туманидаги “Халқ банки” ва “Агробанк” туман филиалларидаги манзараларни кўриб (суратларда), ҳайратдан ёқа ушладим.

Иккала банк ҳовлисида тўпланган одамлар ҳеч ерга сиғмайди. Бирлари коммунал тўловларни тўлашга, яна бирлари пластикни нақдлаштиргани, кимлардир пул жўнатмаларини олишгани келишганлар. Афсуски, шу вақтнинг ўзида “Халқ банки” ҳовлисида 3-4 та “Сайёр касса” машиналари чанг босиб турибди.

Аслида, бу транспорт воситалари мижозларга хизмат қилишлари керакми, ёки уларнинг олдларига мижозлар келиши керакми?

Бугун кўчага чиққан ҳар биримиз вирус ташувчи бўлишимиз мумкин. Бас шундай экан, имкон қадар ташқарига чиқмасдан уйда қолсак айни муддао бўларди.

Шу кунларда молия муассасалари сингари хизмат кўрсатувчи ташкилотлар кечаю кундуз аҳоли хонадонларига бориб хизматни жами турларини кўрсатишларии керак эмасми?!

Гапнинг дангалини айтганда, уларнинг «банк мижоз учун» деган кундалик шиорларига амал қиладиган вақтлари келди.

Уйда қолинг! Хизмат кўрсатувчи ташкилотлар сиз учун, сизга хизмат кўрсатиш учун ишга чиқишди, деган шиорни амалда кўрсатайлик.

Суратлар кеча, 22 апрель куни Избоскан тумани марказида олинган.

Анваржон Ҳалимов.