Андижон 24

БАЛО ҚАЕРДАН КЕЛАДИ?


23.03.2020   2207

Халқимизда тақдирнинг балоси кўп, сақланса панаси кўп, деган нақл бор. Ҳақиқатан ҳам турли-туман офат-балолар ҳаётимизга таҳдид солиб туради. Уларни аксар ҳолатларда ўзимиз яратганимизни англамай қоламиз. Ёнғин ҳам ана шундайлардан бири. Вақтида камчиликларни бартараф этмаймиз, ҳушёрликни йўқотамиз ва оқибатда...

Айни кунларда барча жойда бунёдкорлик ишлари қизғин олиб борилмоқда. Ўтган давр ичида қурилиш олиб борилаётган масканларда турли хил сабаблардан ёнғинлар келиб чиқиб, ҳатто инсонларнинг ҳалок бўлишигача етиб борган. Қуйида ана шундай ҳолатларнинг олдини олиш, қурилиш ташкилотлари раҳбарлари, масъуллари ва бунёдкорларнинг ҳушёрлигини ошириш мақсадида бир қатор тавсияларни бериб ўтамиз.

Энг авввло қурилаётган ва лойиҳалаштирилаётган, таъмирланаётганбиноёнғинга қарши ҳолати назардан четда қолмаслиги керак. Табиий ва суюлтирилган газдан фойдаланишда ёнғин хавфсизлиги талабларини бузиш энг катта ҳато ҳисобланади. Аксарият қурилиш объектлари ошхонасида газни резина шлангларда тортиб келтирилганига гувоҳ бўламиз. Ҳар қандай вазиятда бундай йўл тутиш ёнғин хавфсизлиги талабларига зид. Бундан ташқари носоз газ асбоблари, яроқсиз баллонлар хавфнинг даражасини оширади. Тез аланга олувчи буюмлар, портловчи моддалар олдида очиқ оловдан фойдаланишнинг ўзи соғлом одам қиладиган иш эмас. Афсуски, фаолиятимиз давомида шундай ҳолатларга ҳам дуч келамиз.

Вақтинчалик электр симларидан фойдаланиш аксарият қурилиш ташкилотлари учун касалликка айланган. Уларни пала-партиш тортиб ишлатиш, уланган жойларини беркитмаслик хавфсизлик қоидаларига мутлақо тўғри келмайди. Бунинг устига қиш мавсумида носоз электр иситиш мосламаларидан исиниш мақсадида қоровуллар ёки тунда қоладиган ишчилар фойдаланишига йўл қўйилади. Оқибатда ёнғин чиқишидан куйиш тан жароҳати олиб қанча инсонлар ногирон бўлиб қолмоқда.

Фавқулодда ҳолатларга шайлик айрим масканларда умуман сезилмайди. Ёнғинга қарши оралиқ масофаларга риоя этилиши ва кириш - чиқиш йўлакларини талаб даражасида, доимий очиқ ҳолда бўлишини таъминлаш инсонларни алангадан осон чиқиб кетиши ва ёнғин-қутқарув хизмати ходимларини эркин ҳаракатланишини таъминлайди. Шунингдек, ёнғинга қарши ишлатиладиган бирламчи ёнғин ўчириш воситалари тўлиқ ва соз ҳолда бўлиши керак.

Юқоридаги каби талаблар ўз вақтида бажарилса, бало қаердан келди, деб ўзимизга ўзимиз савол бермаймиз. Кўнглимиз ҳам хотиржам бўлиб, ишимизга барака киради. Аксинча бўлса, қурилиш раҳбарларига жавобгарлик ҳам назарда тутилганини унутмаслик даркор.

Ҳусанбой Раҳмонов,

Хўжаобод тумани фавқулодда вазиятлар бўлими профилактика назорати бўлинмаси инспектори, сержант.