Спорт

БАЛИҚЧИНИНГ ЧЕМПИОН ҚИЗИ


24.12.2019   185

Бу сафар XXXII Ёзги Олимпия ўйинлари ТОКИО-2020 га лицензия олган, Ўзбекистон Миллий Олимпия терма жамоаси аъзоси Набиева Муаттар Абдуллажон қизининг халқаро мусобақаларда эришган натижалари ҳақида хабар берамиз.

Набиева Муаттар Абдуллажон қизи 1996 йил 2 июнда Балиқчи туманида туғилган. У Балиқчи туманидаги саноат ва транспорт касб-ҳунар коллежининг 2-босқич талабалик даврида 2013 йил апрел ойидан Балиқчи тумани болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг оғир-атлетика бўлимида олий тоифали мураббий Мадазимов Хомидқул Ғуломович қўл остида машғулотларига қатнашишни бошлаган. 2014 йил Навоий шаҳрида ўтказилган оғир-атлетика бўйича Ўзбекистон чемпионатида фахрли 1-ўринни эгаллаб, халқаро тоифадаги спорт устаси нормативини бажарган ва хорижий мураббийлар ҳамда оғир-атлетика федерацияси бошқарув хайъатининг фикри билан Ўзбекистон терма жамоасига қабул қилинган.

Муаттар Набиева оғир-атлетика миллий терма жамоасида шуғулланиб яхши натижаларни кўрсатди ва 2015 йил сентябр ойида Тайланднинг Пхукет шаҳрида Осиё чемпионатида муваффақиятли қатнашди ва совринли ўринни эгаллади.

2016 йил ноябрь ойида Муаттар Набиева яхши натижаларни кўрсатиб, Токиода бўлиб ўтган Осиё чемпионатида совринли 3-ўринни эгаллади ва Ўзбекистон Олимпия қўмитаси ҳамда Оғир-атлетика федерациясининг “Энг яхши спортчи қиз” номинацияси ғолиби бўлиб, пул мукофоти билан тақдирланди.

Муаттар Набиева 2017 йил май ойида Бокуда ўтказилган Ислом бирдамлик спорт мусобақаларида бронза медали, Ашхоботда ўтказилган Осиё ўйинларида 3-ўринни, Американинг Анехим шаҳрида ўтказилган Жаҳон чемпионатида совринли ўринларни эгаллади ва Миср ва Хитойда бўлиб ўтган халқаро мусобақаларда совринли ўринларни эгаллади.

2019 йил барча Токио олимпиадасига муҳим очколарни берадиган Тайланд, Шимолий Корея, Хитой ва Қатарда ўтказилган халқаро мусобақаларда совринли ўринларни эгаллади. Қатарда ўтказилган йилнинг яуний Гран-При мусобақасида Муаттар Набиева 55 кг вазн тоифасида 3 та олтин медални қўлга киритди. Муаттар Набиева 2020 йилда Токиода бўладиган XXXII Ёзги Олимпия ўйинларига лицензияни қўлга киритди.

Спортчимизга Токиода ўтказиладиган олимпиада ўйинларида фақат ва фақат ғалаба тилаймиз.

Андижон вилояти ҳокимлиги
МАТБУОТ ХИЗМАТИ.