Андижон 24

БАЛИҚЧИДА НАМУНАЛИ УЙЛАР КАМ ТАЪМИНЛАНГАН ВА НОГИРОНЛАРГА БЕПУЛ ҲАДЯ ҚИЛИНДИ


05.12.2019   971

Халқаро ногиронлар куни тантаналари Балиқчи туманида кам таъминланган, ногирон ва боқувчисини йўқотганларга намунали уй калитларини топшириш билан уйғунлашиб кетди. 20 та шундай оилалар 1,5 сотик ерда жойлашган 2 хонали шинам ва ёруғ уйларга кўчиб кирдилар.

-Фермерлар, ташкилот ва корхоналар жамоалари ҳомийлигида қурилган бу иморатлар, - деди туман ҳокими Жасурбек Абдурайимов, - мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий муҳофаза, меҳр-мурувват ишларининг узвий давомидир. Янги уйларда фаровон келажагимиз эгалари улғайиб, вояга етишларига тилакдошмиз.

Шундан сўнг янги уй эгалари туман раҳбари ва вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова қўлидан калитлар ва ордерларни олдилар. Айримлар кўзида ёш тўла ўз дил изҳорларини айтишди.

-Ўн йил ижарама-ижара юрганим чиқиб кетди, - деди Гулнора Нажмиддинова. – Икки фарзандимнинг қувонганини айтмайсизми! “Энди бизнинг ҳам уйимиз бор”, дейишиб, хурсандликдан йиғлаб олишди. Бизга ўхшаганларга шу қувончни ҳадя этган Юртбошимиз, ҳукуматимизга, вилоят ва туман раҳбарларига раҳмат.

Шу жумладан, Хотирахон Солиева, Сарвиноз Умарова, Муаззам Холмуродова ва бошқалар ҳам бепул, беминнат уйлар калитларини олишиб, кечагина бошпанасиз юрган пайтларини эслаганда, кўзлари намланди.

-Бир хонадонда олти келин эдик, - деди Дилафрўз Ҳамроқулова. – Уй-жой етишмаслигидан бировларникида ижарада турардик. Ўшанда ўзининг борар гўшаси, бир парча ери борларга ҳавас қилардим. Мана, энди бизнинг ҳам ўз уйимиз бор!

Ҳа, Ўзбекистонда олиб борилаётган кам таъминланган, кўп болали, боқувчисини йўқотган оилаларни қўллаб-қувватлашдек камбағалпарварлик сиёсатига бошқа давлатларнинг фуқаролари ҳавас қилса, арзийди. Шу кунгача вилоятимиз бўйича шундай уйларнинг 512 таси эгаларига топширилгани, яна бир қанчаси қурилаётгани бунинг исботидир.

***

Шу куни тумандаги 9- ва 27-ихтисослаштирилган давлат мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларига байрам совғалари топширилди. Ўз навбатида кичкинтойлар меҳмонларни шеър, қўшиқ ва рақслар, спорт ўйинлари билан сийлашди.

Туманнинг Гузар маҳалласидаги “Ниҳол” тўйхонасида ёзилган тўкин дастурхон 200 дан ортиқ ногиронлиги бор юртдошларимизни жамлади. Уларнинг барчасига туман ва вилоят ҳокимликларининг совғалари берилди. 12 нафар ўзи юролмайдиган ногиронга махсус аравачалар топширилди. Тадбир санъаткорлар куй-қўшиқлари билан файзиёб бўлди.

Нажмиддин ЭРГАШЕВ.

Суратларда: тадбирлардан лавҳалар акс этган.