Андижон 24

БАҲОР ҲАМ ШОИРАНИ СЕВАРДИ


27.02.2019   1789

Ҳар йили 1 мартда устоз Зулфияхоним ҳайкали пойига гуллар қўяман. Гулдаста саралар эканман, меҳрим-муҳаббатим, ширин-ширин туйғуларимни қўшиб элтаман. Устоз шеъриятини қайта-қайта ўқиб, унинг ҳар бир мисрасида баҳорга ошиқликни, Ватанга садоқатни, тоза ва самимий муҳаббатни туяман. Нақадар юракка яқин мисралар. Улар шоиранинг қалбқўридан, изтиробларидан, туғёнларидан яратилган. Бундай шеъриятни ўқимасликнинг ўзи гуноҳ.

Шоира қаламидан тўкилган дурлар тунлари ой ва юлдузларнинг, саррин шаббодаларнинг гувоҳлигидаги ашъорлардир.

Салқин саҳарларда бодом гулида,

Бинафша лабида ерларда баҳор.

Қушларнинг парвози, елларнинг нози

Бахмал водийларда, қирларда баҳор...

Нақадар оташин мисралар. У сизни кўклам сари етаклайди, бодом гулларию ўрик гулларидан, бинафшадан шукуҳ олишга ундайди.

Кел, баҳор қуриган саҳрога,

Илк ёмғир берар гулсимон, кел!

Айланмай қон дилда сафрога

Жонлансин, энг қодир ҳаёт бер!

Азиз шоирамнинг ҳар бир мисрасидан гуллар ҳиди уфуриб туради. Баҳорий тонг, баҳорий гўзаллик бордир бу шеърларда. Уларни юрак соғинчи, кўнгил изтироби билан ўқийман. Зеро, шоира ҳар йили баҳорда янгидан таваллуд топаверади!

Устоз

Зулфияхонимга

Бойчечаклар кўз очган тонгда

Ойнинг нури йўлга бошлади.

Янгиланиш шуур ва онгда

Офтобойим кула бошлади.

Севган каби чаман боғларни,

Қароғимда асрайин, дейман.

У мафтункор бола чоғларни

Кипригимда сақлайин, дейман.

Баҳор келиб сўроқлаб Сизни,

Хомуш тортиб юзимга боқди.

Сизни севган бир қизингизни

Шеърларида куй бўлиб оқди.

Баҳор келса, Сиз ҳам келасиз,

Зулфиячи қизлар боғига.

Сабо бўлиб бир дам еласиз,

Хабар бериб гул япроғига.

Мунаввара ТИЛЛАБОЕВА,

шоира.