Андижон 24

БАҲОР АЙЁМИ МУБОРАК, АЗИЗ ЮРТДОШЛАР! (+видео)


01.03.2020   2368

Баҳор... Нақадар ёқимли, қалбларга илиқлик, кўнгилларга орзу-умидбағишловчи сўз бу. Фасллар номлари орасида энг нафис, энг гўзал, талаффуз этилишида ҳам ўзгача маъно бордай гўё. Назаримизда инсон она табиат билан яқинлигини айнан шу дамда яққол ҳис этади.

Эътибор берган бўлсангиз, тилимизда баҳорга кўплаб маънодош сўзлар бор. Уни фасллар келинчаги, кўкламойим, гўзаллик ва поклик тимсоли, бободеҳқонни далага чорловчи фасл деб ҳам атайдилар.

Баҳорнинг илҳомбахшлигини алоҳида айтиб ўтган бўлардик. Бежизга Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф бу фаслни суйиб тараннум этмаган.

Сочимда оқ, мен баҳордан ўтиндим,

Кўкламойим, кўкингдан бер, бир чимдим.

Қор қўйнида сени қўмсаб, ўкиндим,

Кўкламойим, кўкингдан бер, бир чимдим.

Бу нафақат ижод соҳасида. Табиат уйғониши билан ошуфта интиқ қалбларда яшнатувчилик, бунёдкорлик ҳис-туйғулари жўш ура бошлайди. Ерни соғиниб қолган қадоқ қўлли, пок ниятли инсонлар дала юмушларига киришиб кетадилар. Барака уруғи яхши тилаклар ила тупроққа қадалади.

Бизнингча баҳорнинг илғаб бўлмас дастлабки нафасини биринчилардан бўлиб беғубор қалбли болажонларимиз сезадилар. Ҳали изғирин кетмаса-да, варрак учиришни бошлаб юборадилар. Хаёллари мусаффо осмонда, мусаффо осмон каби орзулари бир олам келажак авлодларининг. Варрагинг каби парвоз қил, парвозинг сарҳадсиз бўлсин, дегимиз келади.

Тўйиб нафас олсангиз, ҳавода ўзгача ҳид, ажиб бир тароват пайдо бўлганини бутун вужудингиз билан туясиз. Кечагина тарашадай қотган заминдан майсалар барг уриб чиқади. Сумалакнинг хушбўй иси атрофни тутиб кетади. Одамлар самимият билан бир бирларини табриклашади. Бундай тароват фақат Ўзбекистонимизга хос.

Баҳорингиз қутлуғ бўлсин, ҳамюртлар!