Бугуннинг гапи

Бахти бутун фуқаролар


31.12.2017   215

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 28 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш тўғрисида”ги навбатдаги Фармонида Вилоятимизда истиқомат қилувчи 15 нафар ҳамюртимиз номи қайд этилган эди. Янги йил арафасида уларга тантанали равишда фуқаролик паспортлари топширилди.

Вилоят ҳокимлигида ўтган тантанали тадбирда вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов шахсни тасдиқловчи асосий ҳужжатнинг аҳамияти ҳақида сўз юритди. Жумладан, унда “Паспорт Ўзбекистон Республикаси мулкидир. Ушбу паспортнинг эгаси Ўзбекистон Республикаси ҳимоясидадир”, деган сўзлар ўзбек ва инглиз тилларида битилганлиги ҳам юқоридаги фикрни ифодалайди.

Абдувахоб Мирзаев 1993 йилда Қирғизистонда туғилган. Икки ёшида унинг оиласи Хонободга кўчиб келган. Ҳозирда Абдувахоб шаҳардаги “Ленс- текстиль инвест” қўшма корхонасида самарали меҳнат қилмоқда.

-Давлатимиз раҳбарининг инсон манфаатлари, унинг қадр-қимматини улуғлашга қаратилган сиёсати туйфайли бугун Ўзбекистон фуқароси, деган шарафли номга сазовор бўлиб турибман,-фикр билдиради Абдуваҳоб. –Юртбошимизга чин кўнгилдан миннатдорлик билдираман.

-Дарҳақиқат, фуқаролик - ҳеч қандай моддий мезон билан улчаб бўлмайдиган неъмат, - дейди яна бир суҳбатдошимиз Маликахон Маҳмудова. – Асли Қирғизистонда туғилган бўлмсамда, шахс сифатида Андижонда шаклланиб, ҳаётда ўз ўрнимни топдим. Олий маълумотли бўлдим. Андижон шаҳридаги 35-давлат ихтисослаштирилган мактабда ишлайман. Бугунги шодиёна менинг ҳаётимда чиндан-да унутилмас воқеа бўлиб қолади.

Ҳайитхон Юлдашеванинг тақдири ҳам юқоридагиларникига ўхшаш. Андижонда бахтли оила бекаси. Унинг ҳурсандчилигига шерик бўлиш учун опаси Шаҳзодахон Нишонова Ўш шаҳридан етиб келди.

-Чегараларнинг очилиши узоқ кутилган орзу эди,-дейди ўшлик меҳмон. –Сўнгги бор Андижонга 2010 йилда келган эдим. Бугунги дийдорлашувимиз эса жорий йилдаги тўртинчиси. Ўзбекистон Президентининг оқилона сиёсатини бизда ҳам юқори қадрлашади. Дўстлик ришталарининг мустаҳкамланиши биз каби фуқароларнинг тақдирида намоён бўлмоқда.

Андижон вилояти ички ишлар бошқармаси миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси катта инспектори, майор Жаҳонгир Исмоиловнинг маълумот беришича, 2017 йилда республика Президенти томонидан имзоланган фармонларга кўра 109 нафар вилоятимиз вакили фуқаро бўлиш бахтига эришди.

«auz.uz» online гуруҳи.