Спорт

Бабаянга «қизил карточка» кўрсатилди ёки собиқ мураббийнинг «ўйиндан ташқари ҳолатлари»


16.01.2018   384

Ўзбекистонлик футбол мухлисларининг бир олам орзуларини армонга айлантирган собиқ “ишбилармон” мураббий Самвел Бабаян ЎФФ Ижроия қўмитаси бюросининг 2018 йил 15 январдаги 3-сонли қарорига мувофиқ, футболга алоқадор ҳар қандай фаолият билан шуғулланишдан умрбод четлаштирилди.

Ўзбекистон футбол федерациясининг хабар беришича, Самвел Бабаян “Пахтакор” футбол клубида ишлаган даврида ноқонуний ишларга қўл урган. Жамоага янги раҳбарият келаётганидан хабар топгач, клуб билан битими 2018 йил сўнгига қадар бўлган футболчилар шартномасини 2017 йил қилиб ўзгартирган. Бундан кўзлаган асосий мақсади — йил сўнгида эркин агентга айланадиган футболчиларни хорижий клубларга сотиб, моддий манфаат кўриш бўлган.

Унинг манфаатпарастлиги миллий терма жамоа муҳитига салбий таъсир кўрсатди. Самвел Бабаян термага номзодларни саралаб олишда асосан ўзига маълум футболчилар билангина ишлаган ҳамда барча клубларга тенг муносабатда бўлмаган. Шунингдек, тажрибали мураббий ҳамда мутахассисларнинг фикр ва тавсияларини инобатга олмаган.


Маълум бир футболчиларни хориж клубларига сотиш ва моддий манфаат кўриш мақсадида (гарчи уларнинг савияси талабга жавоб бермаса ҳам!) доимий равишда муҳим ўйинларда миллий терма жамоанинг асосий таркибида майдонга туширганлигини оқлаш қийин. Афсуски унинг шу каби қилмишлари бош жамоа натижаларига салбий таъсир кўрсатмай қолмади.


ЎФФ Ижроқўми 2018 йилги жаҳон биринчилигининг саралаш ўйинлари давомида футболчиларни ўз ҳолига ташлаб қўйгани, ишига масъулиятсизларча ёндошиб, ўзбек футболининг юзи бўлган миллий жамоа даражасини тушириб юборганини ҳам инобатга олиб, унинг бу каби нохолис фаолияти миллионлар ўйини бўлган футболга нисбатан халқнинг норозилигига сабаб бўлди, деб ҳисоблайди.

Ишқилиб, бундан буён футболимизда “бабаянлар” бўлмасин. Акс ҳолда, Ҳожибой қизиқнинг машҳур ибораси билан айтганда, ЖЧ боролмаётган футболчиларимиз “ҳеч бўлмаганда аэропортга тушиб, музқаймоқ еб келишса ҳам майлийди”, дея тоабад афсусда юришимиз давом этаверади.

Ишқибозлар айни паллада ЎФФ амалга ошираётган ижобий ислоҳотларни мамнуният билан кузатиб бормоқда. Бўлғуси жаҳон чемпионатларининг финал босқичида ўзбек байроғини кўксига босган миллий термаларимизни кўриш орзуси бизни асло тарк этгани йўқ. Юрт шаъни учун ана шундай кунлар келишини ва ҳаммамиз жўрликда “ОЛҒА, ЎЗБЕКИСТОН!!!” дея олқишлашимизни интизорлик билан кутмоқдамиз.

Мухлис Бек.